ШИРИН ДАВРОНОВА: ШАХСИЙ РИВОЖЛАНИШ – АСОСИЙ ЮТУҒИМ

Ширин ДАВРОНОВА Жиззах шаҳар 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Аммо у ўтган ўқув йилида бу ерда эмас, АҚШнинг Мичиган  штати Мэрисвилл шаҳридаги мактабда 12-синфда таҳсил олди. Биз Ширин билан Шимолий Америкада ўқиш имкониятини берган FLEX дастури, АҚШда ўтган бир йил, жамиятлар ўртасида фарқ ва таассуротлар хусусида суҳбатлашдик.

–Ширин, аввало FLEX дастури ҳақида маълумот берсангиз.

 -FLEX (Future Leaders Exchange Program) Келажак раҳбарлари алмашинув дастури бўлиб, АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган, ўрта мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган 1 йиллик таълим ва маданий алмашинув дастури. У орқали ўқувчилар АҚШда  бир академик йил давомида яшаб, ўрта мактабда ўқиш ва маҳаллий оилада яшаш имкониятига эга бўладилар. Дастурнинг мақсади ёшларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш, АҚШ ва бошқа мамлакатлар ўртасида ўзаро тушунишни ривожлантириш ҳисобланади. FLEX дастурига ариза топширган вақтда 9-11-синф ўқувчиси бўлиш, инглиз тилини етарлича билиш (аммо тил сертификати талаб қилинмайди), АҚШда 1 йил яшаш ва ўқишга жисмонан ва руҳан тайёр бўлиш талаб этилади. Ариза топшириш одатда сентябрь–октябрь ойларида Flex Uzbekistan расмий сайти ёки www.discoverflex.org орқали амалга оширилади. Танлов 4 босқичдан иборат бўлиб, онлайн ариза топшириш, онлайн ёзма тестлар (инглиз тили ва эссе ёзиш), инглиз тили бўйича синовлар (тест ва интервью) ҳамда сўнгги интервью ва ҳужжатлар текширувидан иборат.

 – Суҳбатни ўқиётганларда “Қандай қилиб шу босқичлардан муваффақиятли ўтиш мумкин?” деган савол туғилиши табиий…

  –Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, интервью ва эсселарда ёлғон ишлатиш керак эмас. Ўз тажрибангизни, таржимаи ҳолингизни борича ёритинг. Инглиз тилида мулоқот, эссе ёзиш машқларини кўпайтириш, синовларда ўзингизни табиий тутиб, самимий бўлиш, таълим, маданият ва жамият ҳаётига қизиқишни кўрсата олиш муҳим. Ўтган ўқув йилида Ўзбекистонда 58 нафар ўқувчи дастурда қатнашиш учун танлаб олинди ва уларнинг 3 нафари Жиззахдан эди. Мен уларнинг ҳар бири бунга муносиб деб ҳисоблайман.

 – Айнан Сент-Клер округи Мэрисвилл шаҳрида яшаш ва ўқиш танлови нимага боғлиқ?

 – Бу менга мутлақо боғлиқ эмас. Анкета тўлдиришда қизиқишлар, одатлар, феъл-атворингиз ҳақида ҳам маълумотлар киритилади. Анкета маълумотлари асосида дастур волонтерлари – оилалар иштирокчини танлаб олишади. Қайси шаҳарда, қандай оилада яшайсиз, қаерда ўқийсиз, ҳаттоки қачон жўнаб кетасиз – буларнинг барини кўнгилли оила ҳал қилади. Маълум бўлишича, дастур қатнашчиларини бир ўқув йили давомида уйига қабул қилиш ва кечки овқат билан таъминлаш учун бу оилаларга ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Аммо фуқаролик позицияси юқори бўлган Америка халқи бу вазифани беминнат адо этишига гувоҳ бўлдим.

 -Мактаб ҳаёти ҳақида гапириб берсангиз. Шунда биздаги таълим тизими билан фарқлар ҳам юзага чиқади.

 –  Мэрисвилл кичик шаҳар, унда битта мактаб бор. Аммо бошланғич синфлар, ўрта ва юқори синфлар биноси шаҳарнинг турли қисмларида жойлашган. Мен 12-синфда ўқидим, аммо потенциал битирувчи бўлмаганим сабабли тўлиқ ўқиш кунини танладим. Бунда 8:00 дан 16:00 га қадар дарс ва спорт машғулотлари бўлади. Спорт тўгараги фақатгина аълочи ўқувчилар учун рухсат этилган. Ўзлаштириш паст ўқувчилар бундай машғулотларга қатнаши учун аввал баҳоларини яхшилаши керак бўлади. Мен теннис билан шуғулландим ва турли мусобақаларда ҳам қатнашдим. Университетга ўқишга кириш худди биздаги каби юксак мақсад ҳисобланади. Шу сабаб синфдошларимнинг кўпчилиги ярим кунлик мактаб дастуридан сўнг кириш имтиҳонларига ёки маҳаллий тиббиёт муассасаларига иш ўрганишга кетишарди. Деярли барча қизлар ҳамширалик  ёки шифокорлик касбини танлаб, уни мактаб пайтиданоқ ўрганишар экан.

Дарсликдан деярли фойдаланилмайди. Ҳар бир ўқувчига ноутбук берилади ва у орқали топшириқлар бажарилади. Дарслар офлайн бўлса-да, уй вазифаси, топшириқлар онлайн. Бажариш муддати қатъий белгиланган, агар муддатидан кечиккан, аммо аъло баҳога лойиқ иш бўлса ҳам у пастроқ баҳоланади. Бу қоида ўқувчиларни қатъий интизомга ўргатади. Фанлар танланади, аммо мажбурий фанлар бор. Шу сабаб барча ўқувчилар мажбурий фанларни 10-11-синфларда ўзлаштириб, 12-синфда фақат ўзларига ёққан ёки осонроқ фанларни олиб қолишади. Мен 6 та фанни танладим, натижада психология, испан тилидан чуқур билимга эга бўлдим.

 Мактаб беш кунлик. Мактаб автобуси қатнайди, ўқувчилар нонушта ва тушлик билан таъминланади. Мактаб администрацияси таълим ва дарсдан ташқари барча жараёнларни кучли назоратга олган. 8:00 дан бир дақиқа кечикилса, ўқувчининг она-онасига дарҳол қўнғироқ қилиниб, боланинг мактабда эмаслиги етказилади. Мактабга кирган бола учун белгиланган вақтгача чиқиш эшиклари очилмайди. Ўқувчилар ва ўқитувчилар учун алоҳида одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд ва улар ишлайди. Шу сабаб дарсда можаро, жанжал кузатилмайди. Ўқитувчидан норозимисиз, марҳамат, уни дарсда ўқитувчининг юзига эмас, админстрацияга бориб айтинг. Қатъий интизом бўлгани билан мажбурий форма йўқ, дарсда бемалол телефондан фойдаланиш мумкин.  Ўзаро ҳурмат ва масофа жуда яхши йўлга қўйилган. Ўқувчилар ўртасида ҳам буллинг, камситиш, жанжаллар деярли учрамади. Мен кўпгина интернет хабарларида бунинг аксини кўрган эдим. Синфдошларим мени жуда илиқ қарши олишди. Ўқитувчилар бошида инглиз тилини яхшироқ ўрганиб олишим учун муддат беришди, мени ҳамиша қўллашди.

 -Оила қадриятлари ҳақида гапириб берсангиз.

  – Мен Майкл ва Майра оиласида яшадим. Уларнинг бир яшар ўғилчаси бор эди. Бошида мулоқот қилишга қийналдим, чунки инглиз тилим ҳали унча яхши эмасди. Бирга саёҳатларга чиқдик, ҳаттоки Лас-Вегас шаҳрига бордик. Улар аҳил ва қувноқ оила эди. АҚШда барча оилани шундай таърифлаш мумкин. Чунки фарзанд кўриш биринчи рақамли мақсад эмас, кўпроқ бахтли жуфтлик бўлиб яшаш учун оила қуришади. Америкада менимча, оилавий эмас, жамият миқёсида эркинлик юқори. Масалан, кўчада нотаниш одамга унинг соч турмаги ёки кийими ёққанини бемалол айтиш мумкин ва нотаниш одам ҳам буни тўғри қабул қилади.

 – Ўтган бир йил сизга нима берди?

 – Мен аввало мустақил бўлишни, 15 ёшимда оиладан узоқда ўз муаммоларни ўзим ҳал қилишни, бегоналар билан тил топишишни ўргандим. Бу менинг  шахсий ривожланишимни тезлатди. Ҳаттоки бирга кетган ватандошларимни ҳам кўришга имкон йўқ эди. ҳаммамиз ҳар-хил шаҳарларда яшадик. Уларда ҳам ўзига хос қийинчиликлар, муаммолар бўлгани табиий. Барчамиз янги шароитда яшаш, мослашиш ва ўзимизни намоён қилиш тажрибасини бошдан ўтказдик. Мен ётоқхонамга юртимиз байроғини осиб қўйгандим. Доим ўзим билан давлатимиз рамзларини олиб юришни ёқтирардим. Барча ўқитувчиларга Ўзбекистон байроғили магнит совға қилдим.

Ватанпарвар бўлиш орқали соғинчни енгиш, юртимиз ёшларининг салоҳияти, билимини кўрсатишни истадим. Энг биринчи ойда паст баҳоларга ўзлаштирган бўлсам, якунига келиб 90 баллдан зиёд натижалар билан ўқишни тамомладим. Келажакда Европада таҳсил олиш ниятидаман. Эҳтимол психология ёки давлатлараро муносабатлар бўйича мутахассис бўларман. Жиззахда таълим марказида инглиз тилини ўрганиб, АҚШда ўқишга эришдим. Ўқиш-ўрганиш ёшларни юксакка олиб чиқишига шу мисол. Мен тенгдошларимга илм йўлидан чекинмасликни тилаб қоламан.

 

Суҳбатдош Муқаддас САПАРОВА. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *