САРҲИСОБ: ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТНИНГ ЯНГИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТИЗИМИГА БИР ЙИЛ

Сир эмаски, кўп йиллар давомида ижтимоий ҳимоя тизими давлат томонидан ажратилган маблағни эгаларига етказишдангина иборат бўлиб,  жараёнга таниш-билишчилик, таъмагирлик каби ҳолатлар ҳам бегона эмас эди. Ногиронлиги борларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, фаол  ҳаётга жалб этиш, аҳолининг заиф қатламини тўлақонли қўллаб-қувватлаш ишлари суст ва манзилли бўлмаган.  

Шу сабаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) ташкил этилди. Орадан ўтган бир йил муддат мобайнида агентлик, хусусан,  Жиззах вилояти бошқармаси  профессионал ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда етарлича тажриба ва ютуқларга эга бўлди.

Биз янги Ўзбекистоннинг янги ижтимоий ҳимоя тизими, қўлга киритилган илк натижалар ва амалга оширилган ишлар хусусида ИҲМА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Наргиза МАВЛОНОВА билан суҳбатлашдик.

 

– Наргиза Эшқўзиевна, ўтган бир йил мобайнида оғир ҳаётий вазиятга тушган аҳоли билан манзилли ишлаш, уларнинг жамиятга ижтимоийлашувини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сонини камайтиришга эришилдими?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида “Бу соҳада умумий ишлаб бўлмайди. Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади” деган эди. Дарҳақиқат, агентлик ташкил этилгач, ўтган бир йил мобайнида эҳтиёжманд тоифани аниқлаш бўйича янги мезонлар ишлаб чиқилиб, уларнинг айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгиланди. Муҳтожларнинг ҳар бири бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури кўрсатилди.

Жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга 800 дан ортиқ ижтимоий иш (кейс) очилиб, уларга 900 дан ортиқ хизматлар кўрсатилган. Очилган кейслардан 450 га яқини тугалланиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларнинг ижтимоийлашуви таъминланди. Бунда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар маҳалла еттилигини жалб қилган ҳолда ижтимой ҳимояга муҳтож оилаларда аниқланган муаммолар бўйича ижтимоий иш очилиб, уларнинг муаммолари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф қилинмоқда.

–Агентликка юклатилган вазифалар масъулиятидан келиб чиқиб, кадрлар танлаш жараёни қандай ташкил этилди? Тизимда коррупцияга қарши курашиш борасида қандай амалиёт мавжуд?

–Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 27-моддасига мувофиқ, ишга қабул қилувчининг талабида танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби белгиланган бўлиб, ИҲМА Жиззах вилояти бошқармаси ва туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги мавжуд лавозимлари учун босқичма босқич танловлар ўтказилиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар 186 нафар бошқарув ходимлари ва 223 нафар ишлаб чиқариш ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишув асосида ишга қабул қилинган. Ижтимоий ходим лавозимига 196 нафар мутахассис ишга олиниб, улар маҳаллаларда хонаданма-хонадон юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш, бошқармага ахборот бериш ҳамда бартараф қилиш ишлари билан шуғулланишмоқда. Ходимларни ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ танлов асосида ташкил қилинган бўлиб, коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаган.

– Рақамлаштириш ижтимоий хизматлар кўрсатиш шаффофлигини таъминлайди. Бу борада ҳолат қандай?

– Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кўрсатилаётган хизматлар ва юритилаётган ҳисоботлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда, десам муболаға бўлмайди. Жумладан, аҳолининг нафақа ва моддий ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотлар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали юритилади. Фуқаролар нафақа ва моддий ёрдам маблағи ажратилиши юзасидан аризаларни ўз уйларида мобил телефон ёки компьютер орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари маркази ёки ўз  розиликлари асосида маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар планшети орқали онлайн тарзда ариза юборишлари мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиб, инсон омилисиз нафақа ёки моддий ёрдамлар тайинланиши ёки рад қилиниши мумкин.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган якка-ёлғиз ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестри “ИҲМА Ёлғиз кекса” тизими орқали юритилиб, уларнинг ижтимоий ҳолати баҳоланади ва ижтимоий ходим ассистентлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар мониторинг қилиб борилади. Бугунги кунда бу тизимга 408 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган якка-ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар киритилган бўлиб, уларга 58 нафар ижтимоий ходим томонидан хизматлар кўрсатилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия маҳсулотларига  бўлган талаби ва уларнинг таъминланиши tpom.uz электрон тизими орқали юритилади. Протез воситалари 18 турдан 30 турга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 253-сонли қарорига мувофиқ, муҳтож шахслар бу турдаги маҳсулотларга электрон ваучер орқали уйларида турган ҳолда буюртма беришлари ва “Узум маркет” иловаси орқали яшаш хонадонларига етказиб бериш тизими йўлга қўйилмоқда.

-Наргиза Эшқўзиевна, кўп йиллар вояга етмаганларни ҳимоя қилиш тизимида ишлагансиз. Айтингчи, айнан шу йўналишининг агентлик ихтиёрига ўтказилиши орқали мавжуд тизимда қандай ўзгаришлар юз берди?

-Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2024 йил 1 январдан маҳаллий ҳокимликлардаги вояга етмаганлар секторлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди. Маҳаллаларга тайинланган ижтимоий ходимлар томонидан назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаган болалар тезкор аниқланиб, ҳар бир боланинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Жорий йил май ойининг ўзида 684 нафар шундай ҳолат аниқланди. Шунингдек, маҳаллаларда ўтказилаётган хатлов натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли таркибида болалар аниқланмоқда. Мисол учун, Шароф Рашидов тумани Туёқли МФЙ да ўтказилган хатлов натижасида ота-онаси миграцияда бўлган 8 нафар, тўлиқсиз бўлган оила фарзандари 15 нафар, ногиронлиги бўлган 15 нафар бола аниқланиб, уларга ҳомийлик тайинланди, ногиронлиги бўлган болалар реабилитация қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сонли қарорига асосан, ҳудудлардаги ихтисослаштирилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида “Ота-онага ижтимоий ҳордиқ” тамойили асосида “Ғамхўрлик гуруҳлари” ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Бундан мақсад – ногиронлиги бўлган фарзанди парваришидан руҳан ва жисмонан толиққан ота-оналарга хордиқ чиқариш ёки бирор машғулот билан шуғулланишлари учун шароит яратишдир. Вилоятда бундай ихтисослаштирилган 4 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд.

2024 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Психологик-тиббий педагогик комиссия (ПТПК) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди. 64 нафар алоҳида таълим эҳтиёжига эга бўлган болалар махсус мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида таълим олишлари учун тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада 52 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларга таълим олишлари учун хулосалар берилди.

-Аёлларни ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган энг кўзга кўринарли иш сифатида нимани кўрсатган бўлардингиз.

– Аёлларнинг хақ-хуқуқларини химоя қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида катта этибор қаратилмоқда. Жорий йил 10 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тазйиқ ва зўровонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан эндиликда ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўровонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга  ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилди. Шу билан биргаликда расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига реал вақт режимида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.

Мазкур қарорнинг 3-бандига асосан, жорий йил 1 июндан бошлаб Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилди. Бугунги кунда вилоятнинг 12 та туман тиббиёт бирлашмаси ва Жиззах шаҳрининг шошилинч қабул бўлимларида  бирламчи кўмак хоналари ташкил этилиб, 24/7 режимида ишлаяпти.

-Суҳбатимиз давомида аён бўлмоқдаки, тизимга юклатилган вазифалар салмоғи жуда кенг. Нима деб ўйлайсиз, янги тизим ўзини оқлаши ва халқ ишончини қозониши учун ўтган бир йил муддат етарли бўлдими?

-Ҳақиқатда агентлик томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ҳизматларнинг ўзи 250 тани ташкил этади. Тизим 7 та йирик йўналишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакиллари билан иш олиб боради. Бугунги суҳбатимизда қилинган ишларнинг денгиздан бир томчиси акс этган бўлиши мумкин. Аммо, ўйлайманки, ижтимоий ходимлардан тортиб, раҳбарларгача бугун зиммага юклатилган масъулиятни теран тушуниб иш олиб бормоқдалар. Буни ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳамда очиқ мулоқотларда аниқ кўриш мумкин. Барча учун тенг имкониятли ва инклюзив жамият яратиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаркатларимизга халқнинг ўзи баҳо беради.

– Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат!

Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.

 

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *