ТАРҒИБОТЧИЛАР ЖИЗЗАХДА ТАЖРИБА АЛМАШДИЛАР

Жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Зоминда “Жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтиришда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш” мавзусидаги республика форуми бўлиб ўтди.

Форумга республикамизнинг қатор вилоятлари ва туманларидан тарғиботчилар, отинойилар, оқила аёллар, фаол хотин-қизлар ҳамда соҳага тегишли масъул ходимлар таклиф этилди.

Тадбирни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев кириш сўзи билан очиб,  жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтиришда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мавзусида айнан Жиззах тажрибаси асосида ўтказилаётган республика “Тарғиботчилар” форумида  энг долзарб масалалар муҳокама қилиниб, эришилган юқори натижалар  асосида муҳим йўналишлар белгилаб олиниши,  келажакда диний бағрикенглик ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши учун фуқароларнинг фаол иштироки муқаррар эканлиги, барчамизнинг биргаликдаги саъйи-ҳаракатларимиз мамлакатимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга хизмат қилишига тўхталиб ўтди.  

 Мамлакатимизда  Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш туради. Фуқаролар манфаатларини фақатгина тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин.

Сўнгги йилларда, мамлакатимизда турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу эзгу ташаббуслар халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортгани фикримизнинг яққол далилидир.

Шиддатли глобаллашув шароитида Ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади.

Кези келганда, Ўзбекистонда диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, Ислом дини таълимотининг тинчликпарвар ва маърифатга асослангани, ҳар қандай қон тўкиш ва террордан йироқлиги, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш каби йўналишларда илгари сурилган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги таҳликали, зиддиятли замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлаётгани эътироф этилмоқда.

 Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари ҳамиша тараққий этган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлгани табиий.

Шунинг учун, бугунги кунда ҳам ўлкамизда турли миллатлар ва динларнинг урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда, бағрикенглик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.

 Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова, меҳнат фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Дилбар Ғуломова, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Матлюба Қаҳҳоровалар Жиззах тажрибаси асосида ўтказилаётган республика тарғиботчилар форумининг мақсад ва вазифалари, кутиладиган натижалар, янги эзгу ғоялар ва масалаларни биргаликда ечишдан иборат эканлигига тўҳталиб ўтишди.

Форумнинг биринчи иш кунида ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш: муаммо ва ечимлар, хотин-қизлар ўртасида диний-маърифий ишларни такомиллаштиришда отинойларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, тарғибот методикасига оид хорижий тажриба, оилавий ажримларнинг олдини олиш механизмлари,  ёт ғояларнинг кўринишлари ва уларга қарши тарғибот усуллари, тўй ва маъракаларда исрофгарчилик ва дабдабабозликка, бидъат ва хурофотларга барҳам бериш мавзуларида тарғиботчилар ва отинойлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бўлиб ўтган форумда мутахассислар томонидан иштирокчилар учун маҳорат дарслари, воркшоплар, кўргазли тақдимотлар ўтказилди. Бир гуруҳ фаол иштирокчиларга ”Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти томонидан қўлланмалар ва рисолалар тарқатилди. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита томонидан форумда фаол иштирок этган иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.

Форумнинг иккинчи куни меҳмонлар Зомин туманидаги “Навбаҳор”, “Қайирма”, “Мустақиллик” МФЙларида маҳалла еттилиги фаолияти, яраштириш ва ажрим ёқасидаги оилалар билан ўтказилаётган суҳбат жараёнларига гувоҳ бўлишди.

“Нуронийлар” масканида ташкил этилган миллий либослар кўргазмаси ва челленжи барчада илиқ таассурот қолдирди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *