Бир неча давлат дастурлари асосида туманинг ички ва ташқи йўллари равон бўлиб бораётир. Ўтган йилларда Нурак, Эгизбулоқ мфй кўчалари кўзни қувонтирган бўлса, бу йил ҳам қатор маҳаллаларда бунёдкорлик ишлари олиб борилди.
Тумандаги “Фориш – Жиззах” умумфойдаланадиган автомобиль йўлининг “Оқтепа” маҳалласи намунавий уй-жойлар массивидан ўтган 66-67,6 км қисмида “Обод кўча” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Автомобиль йўлининг икки томонлама қатнов қисмига 240 дона бетон ариқлар ўрнатилиб, 1600 метр пиёдалар йўлаги бунёд этилади. Мазкур йўлга 2229 тонна асфальт қоплама, 600 дона бетон тўсиқлар ётқизилади. Бундан ташқари, йўлнинг ўрта қисмига 36 дона қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатилади. Ушбу бунёдкорлик ишларини Фориш туман автомобиль йўллардан фойдаланиш ДУК йўлсозлари амалга ошираяпти. Белгиланган ишларни бажариш учун 1 та автогрейдер, 2 та самосвал, 1 та автокран, 3 та сув ташиш автомашиналари ҳамда шағал зичлагич техника воситалари сафарбар этилган. Корхона жамоаси туман ҳудудидан ўтган умумфойдаланадиган йўлларни жорий таъмирлаш ишларини ҳам олиб боришаяпти. Ушбу ишларни амалга ошириш учун корхона ходимлари кучи билан 350 тоннадан зиёд асфальт қоришмаси тайёрланади.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.