Жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши режалаштирилган. Бу муҳим тадбир мамлакат иқтисодий салоҳиятини ошириш, тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир туманда тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммолари ўрганилаяпти. Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси қошида махсус штаб ташкил этилди. Ушбу штабнинг асосий вазифаси – тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, таҳлил этиш, тегишли идораларга етказиш ҳамда улар ечимини жадаллаштиришдан иборат.
Ҳозирги кунга келиб, chamber.uz платформаси орқали Жиззах вилояти тадбиркорлари томонидан 28 июль ҳолатига 591 та мурожаат қабул қилинган. Улардан катта қисми онлайн тарзда, 148 та мурожаат call-марказ орқали, тўғридан-тўғри мулоқот натижасида келиб тушган.
Барча мурожаатлар штаб аъзолари томонидан атрофлича таҳлил қилиниб, аниқ манзилли чоралар кўрилмоқда. Ҳар бир мурожаат бўйича алоҳида иш юритилмоқда, тадбиркорнинг муаммоси ечимисиз қолмаслиги учун барча имкониятлар сафарбар қилинган.
Очиқ мулоқотнинг асосий мақсади — тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, уларни қийнаётган масалаларни Президент даражасида кўтариш ва ечимини топишдир. Мурожаатлар chamber.uz платформаси, call-марказга қўнғироқ қилиш орқали ёки Савдо-саноат палатасининг ҳудудий штабларига бевосита ташриф буюриш орқали қабул қилинади.
Санжар ДОСТОНОВ,
Савдо-саноат палатаси Шароф Рашидов тумани бўлими мутахассиси.