“БАРЛОС”НИНГ БАРЧИНОЙЛАРИ

Бахмал туман маданият бўлими қошида ташкил этилган “Барлос” фольклор этнографик халқ ансамбли бевосита Барчиной Дулибаева  саъй-ҳаракати билан 1996 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётир. Бахмал воҳасига хос турли тақинчоқ, безак ва кийим-бошлар ансамблнинг этнографик репертуари бисотига киритилган. “Барлос” ансамбли ўз номига муносиб равишда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган болалар, қиз-жувонлар ва онахонлардан иборат ўттиз нафар қатнашчилари билан элга манзур бўладиган оммавий тадбирларда чиқиш қилмоқда. Нафақат авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ оғзаки ижоди намуналарини куйлаш, балким миллий урф-одатлар, қадриятларни ҳам даста ёш авлодга ўз ҳолича етказиб беришда жонбозлик кўрсатмоқда.

Бу ютуқлар халқ ансамблининг бадиий раҳбари Барчиной  Дулибаеванинг меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги, адабиёт, санъат, маданиятга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан ёндашиши натижасидир. Мана, 40 йил бўлибдики устоз халқ хизматида. Ўшанда Барчиной халқ қалбига яхши куй-қўшиқ орқали маънавий озуқа улашишни  мақсад этганди.

—Шогирдларим учун куюнчакман, ҳали уларга ўргатадиган маданий меросларимиз жуда кўп,—“Барлос” халқ дастаси бадиий раҳбари Барчиной Дулибаева. — Ҳозир 300 зиёд қўшиқларни тўплаганмиз. Ҳар бир нафасинг, қадаминг, ҳаракатинг, интилишларингни халққа нафи тегсин. Бўлмаса барчаси бекор деб уқтираман, уларга.  Одамларга илҳом, кайфият берадиган нарса бу—санъат. Удумларимиз бир-биридан гўзал, миллатимиз хушфеъл, ёқимтой. Халқимиз ҳам шунга монанд санъатга, санъаткорга ҳамиша илиқ муносабатда бўлиб келган.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Барчиной Дулибаева “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Моргузар тоғидан таралаётган   қўшиқ Туркистон тизмалари адирларидан ўтиб, узоқдан қулоққа чалинади.

Довруғинг кенг оламга

Бахмалима Бахмалим.

Омадинг ҳар одамда

Бахмалима Бахмалим.

 

Мардларинг бор майдонда

От кишнатар полвоним.

Кўпкарилар чопганда

Солими ҳалол Бахмалим.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *