Ирисбой Абдуқаҳҳоров йигирма олти ёшда. У мана уч йилдирки Пахтакор туманидаги Амир Темур номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “Зомин чашма тоғлари” фермер хўжалигини бошқариб келади. Хўжалик аъзолари 98 гектар майдонда деҳқончилик қилишаётир. Жорий йилда 45 гектар майдонга экилган ғалла навидан ёш фермер 80 центнердан ҳосил олиб, 135 тонналик шартномавий режани 150 тоннага етказиб, ортиғи билан бажарди. Режадан ташқари 140 тонна дон фермер хўжалиги ихтиёрида қолди. Айни пайтда ғалладан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, такрорий экин экишга ҳозирлик кўрилаётир.
Хўжалик миришкорлари томонидан 45 гектар майдонга экилган ғўзанинг ҳам ривожи баравж. Ирисбой саккиз нафар ёшнинг бандлигини таъминлади. Акбар Пирназаров, Шаҳзод Абдуқаҳҳоров, ака-укалар Дилшод, Шодиёр, Жасур Мусурмоновлар сингари сувчи ва механизаторлар ёш фермерга камарбаста бўлишаётир.
—Мана бу пайкалларга “82-90” ғўзанинг янги авлод навини экканмиз,—дейди Ирисбой Абдуқаҳҳоров. Бу нав сувсизликка чидамли, шўрланган ерда ҳам ўсаверади. Бу томондаги 8 гектар майдонни ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 50 сотихдан 16 нафар ёшларга бўлиб берганмиз.
Техника деҳқоннинг қаноти. Фермер хўжалиги ихтиёрида ҳозир иккита “МТЗ-80” трактори, МХА русумли пахта териш машинаси бор.
—Режаларим талай, кейинги ой ғалладан олган даромадимиз ҳисобига укам Камолжонни уйлантирмоқчимиз,—дейди Ирисбой Абдуқаҳҳоров. Йил охирига бориб пахтадан олган фойдамиз ҳисобидан битта замонавий, юқори унумдор ҳайдов трактори сотиб олмоқчимиз.
Ерга, мулкка муҳаббат ёш фермерга асли отаси раҳматли Комил Мусурмоновдан юққан. Комил ака Амир Темур номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига 15 йил раҳбарлик қилди. Отасининг “Ҳалол бўл, бировнинг мулкига кўз олайтирма” деган маслаҳатига фаолияти давомида амал қилиб келган Ирисбой кам бўлмади. Мингчинорда туғилиб, бугун отаси ишини давом эттираётган ёш фермер ўзига тегишли дала четларига шу йилги баҳор мавсумида 800 туп гилос, 1500 туп тут, 1500 туп терак кўчатлари экди.
Ёш фермер савобли тадбирлардан ҳам четда қолмайди. Кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ Ирисбой Абдуқаҳҳоров биринчи навбатда ўз ишчиларига, кейин қўни-қўшнилари, шунингдек, ижтимоий оғир аҳволдаги маҳалладошларига ҳам буғдой улашди.
Узоқдан сувчи Дилшоднинг овози эшитилди. “Акбар кетмонни ол, Шодиёр ортимдан юр” деб фермер ўқ ариқ томон кетди…
Зоир ЭРГАШЕВ.