ИЖОД АҲЛИГА ЭҲТИРОМ

Бугун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий “Энг улуғ, энг азиз” Республика кўрик-танловининг вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Асомиддин Мардиев сўзга чиқди. Улар еттита йўналиш бўйича ғолиблар ижодига ривож тилаб, вилоят шаънини оширишга хизмат қилувчи ижод намуналари яратишда бардавомлик тилашди.

Танловда турли йўналишлар бўйича 60 нафардан зиёд журналист, ёзувчи, шоир ва рассомлар ўзларининг қарийб 200 та ижодий иши билан иштирок этди. Ижодкорлик ишлари “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари”, “Энг яхши публицистик китоб учун”, “Тасвирий санъат, фото дизайн ишлари”, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари”, “Интернет журналистикаси”, “Теле-радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” каби йўналишларда кўриб чиқилди.

-Ушбу танловга мустақиллик берган имкониятларнинг ёшлар ҳаётига таъсири мавзусида қатор кўрсатувларим билан иштирок этган эдим, – дейди Жиззах ТРК мухбири Ҳафиза Абдуллаева. – Ижодий ишларим юқори баҳоланиб, телерадио йўналишда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Танловда мен каби ёш ижодкорлар – рассом, дизайнер ва кино санъати усталарининг ишлари ҳам муносиб баҳоланди. Бундай рағбат ҳар бир ижодкорга сўнмас куч-ғайрат бағишлайди, Ватан ҳақидаги энг яхши ижод намуналарини яратишга ундайди.

Қувонарлиси, бу йилги ғолиблар орасида “Жиззах ҳақиқати” – Джизакская правда“ газеталари ходимлари ҳам бор. Бўлим муҳаррири Васил Илёсов матбуот, Ботир Қудартов фото ва дизайн, Шаҳноза Мансурова интернет журналистикаси йўналишида ғолиб ва совриндор бўлишди. Газетанинг jizzaxnews.uz сайти оператори Санжар Норбеков  Вазирлар Маҳкамасининг 681-сонли қарори тарғиботига бағишланган туркум қисқа метражли фильмлари учун 3-ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

 

Муқаддас САПАРОВА.

Б.ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *