Байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродовни суҳбатга тортдик.
– Шаҳар аҳолиси аввало аҳдига вафодор, ҳалол, меҳнаткаш, ғурурли инсонлар. Улар олдиларига қандай мақсад қўйишмасин, эришмай қўймайдилар. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган ҳар қандай вазифқани шу азму шижоатли эл билан ҳамжиҳат амалга ошириб келаяпмиз. Режаларимиз эса янада улкан, – дейди Комил Адхамович. – Тарихга доим миллатнинг хотираси сифатида қараб келинган. У бизнинг кимлигимизни англатади. Янги авлодни ана шу ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида шаҳримиздаги “Қалиятепа” ёдгорлиги ҳудудида “Очиқ осмон остидаги музей” барпо этишни бошлаганмиз. Ҳозирда бу ерга олиб борувчи инфратузилманинг 80 фоизи бажарилди. Фан арбоблари, тарихчи-археологлар қазилма ишларини олиб боришаяпти. Музейда камида 2000 йиллик тарихни ўзида жамлаган археологик қазилма намуналари намоён бўлади. Мажмуада Жиззах тарихини ўзида мужассам этган ўлкашунослик музейи ташкил этилади.
– Келажагимиз эгалари учун яратилаётган янгиликлар, қулайликлар ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдим…
– Янглишмасам, шаҳар ҳудудида жойлашган “Истиқлол” болалар боғида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари сизни қизиқтиряпти? Дарвоқе, ўтган йилларда ташландиқ ҳолатга келган “Истиқлол” боғида бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. Боғда аҳоли дам олиши учун тоғ атрофида 5 километрга яқин йўлаклар қурилди. Тунги вақтда ҳам сайр қилиш учун йўлакларга махсус ёриткичлар ўрнатилди. Ёз келиши билан сарғиш тусга ўтувчи баландликларга яшиллик киритилди. Янги атракционлар ўрнатилиб, савдо нуқталари, аквапарк, сунъий шаршаралар барпо этилаяпти. Сангзор дарёсининг ўша тарафдаги суви кўтарилади ва аҳоли дам олиш масканига айланади. Боғ шу йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилади.
– Шаҳар ҳудудини кенгайтириш масаласи ҳам кўп бора тилга олиняпти. Бу борада нима дейсиз?
– Бу масала шу йилнинг якунига қадар амалга оширилиши кутилаётган улкан ўзгаришлардан бири. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўллаб-қувватлови кутилмоқда. Шаҳар ҳудуди икки баробарга кенгаяди. Шароф Рашидов туманига қарашли, шаҳар билан чегарадош бўлган 23 та маҳалла шаҳар ҳудудига ўтади. Бундан кўзланган мақсад – қўшилган ҳудудларни босқичма босқич ривожлантириш, кўп қаватли уйлар сонини кўпайтириш, улкан шаҳарлар тажрибасини ўзлаштиришдир.
Ўтмишга назар ташласак, 1991 йилгача мавжуд кўп қаватли уйлар сони 600 та бўлган. 2016 йилгача уларнинг сони 33 тага кўпайган. Жорий йилга қадар эса 150 дан зиёд кўп қаватли уйлар қурилди.
Шаҳарнинг архитектуравий қиёфаси, йўл инфратузилмаси, коммуникация ишлари белгиланган режа бўйича олиб борилмоқда. Шаҳардаги яна бир мегалойиҳалардан бири – бу Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳрини боғловчи М39 йўлига олиб чиқувчи янги кўприк қурилишидир. 700 пгм узунликдаги кўприк шу йилнинг охирича ишга тушади. Кейинги йил бошидан кўприкнинг икки томонидан янги массив қурилади. Яъни, Улуғбек маҳалласи ҳудудида 7 ва 12 қаватли уй-жойлар барпо этиш режалаштирилган. Бу бўйича бош лойиҳа тасдиқланди ва амалиётга тадбиқ қилинди.
– Қутлуғ байрам арафасидамиз. Юртдошларимизга тилакларингиз…
– Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан сўнг жуда мураккаб вазиятларни бошидан кечирди. Юртбошимизнинг олиб борган оқилона сиёсати натижасида пандемея, жаҳон иқтисодиётидаги инқироз, геосиёсий вазиятлар каби катта синовлардан ўтдик. Асосийси, халқимизнинг келажакка бўлган ишончи, олиб борилаётган ислоҳотларга умид билдириб, давлат билан ҳамоҳангликдаги кайфияти бизни қалтис вазиятлардан кейинги босқичга олиб чиқаяпти.
Жиззах яқин 10 йилда минтақанинг кўзга кўринган ва ривожланган шаҳарларидан бўлиши учун ҳамма имкониятимиз етарли. Фақат хоҳиш ва меҳнат бўлса, буларнинг барчасига эришамиз.
Фурсатдан фойдаланиб шаҳримиз аҳолисини мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман. Юртимиз тинч, келажаги порлоқ бўлсин.
Халқимиз турмушидан мамнун ва бахтиёрликда фаровон ҳаёт кечирсин!
Суҳбатдош Шаҳноза МАНСУРОВА.