2025 йил 26 август куни Тошкентдаги замонавий “Humo Arena” мажмуаси яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлди. Футзал бўйича навбатдаги Ўзбекистон Суперкубоги баҳси юқори савияда ташкил этилди.
Айтиш мумкинки, беллашув катта футбол байрами муҳитида ўтди. Томошабинлар учун концерт дастурлари, интерактив ўйинлар, шоу намойишлари ташкил этилди.

Кучли тайёргарлик, жамоавий уйғунлик ва шижоат натижасида BMB жамоаси “Oil Star” клубини 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, улар тарихда иккинчи бор Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланишди.
Баҳсларни нафақат маҳаллий ишқибозлар, балки футболнинг жаҳон даражасидаги юлдузлари ҳам кузатиб бориб, тадбирга алоҳида кўтаринкилик бағишлашди. Афсонавий футболчилар – Дида, Роберто Карлос, Кристиан Закардо, Фабио Каннаваро, Сержинио, Марко Матерацци, Франк Рибери, Майкон ва Кевин Кураниларнинг “Humo Arena” майдонида кўриниши томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Ғолиб жамоани тақдирлаш маросими ҳам ўзига хос шукуҳга эга бўлди. Кубокни футбол тарихининг таниқли юлдузлари – Роберто Карлос ва Фабио Каннаваро шахсан топшириши кечанинг юксак нуқтасидек кўринди.
Бир сўз билан айтганда, 2025 йилги Суперкубок нафақат ғолибни аниқлаб берди, балки миллий спорт ҳаётидаги ёрқин, эсда қоларли саҳифалардан бирига айланди.