Коррупцияга қарши бирдамликда курашиш, жамиятда унга нисбатан тоқатсизлик муҳитини яратишда ОАВлар ва ижтимоий тармоқлар, нодавлат ташкилотлари вакилларининг ҳамкорлиги муҳим.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамиятлари институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти лойиҳаси доирасида “Жиззах овози” газетаси томонидан “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзусидаги энг яхши материаллар учун танлов эълон қилинган эди. Юртимизда истиқлол шодиёналари, байрам шукуҳи кезиб юрган кунларда мазкур танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, Жиззах шаҳар ҳокимлиги, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Дастлаб вилоят ҳокимлиги котибият мудири Нурали Раимов сўзга чиқди. У ўз чиқишида коррупцияга қарши курашдек хайрли ишда, жамоатчилик фикрини ўзгартириш, жамиятда унга қарши бирдамлик муҳитини яратишда бу каби танловларнинг, тарғиботларнинг ўрни ниҳоятда муҳим саналишини таъкидлаб ўтди.
Танловда мавзуга доир материалларнинг энг мулоҳазали ва кенг жамоатчиликка етиб борганлари сараланди. Унга кўра, “Энг яхши таҳлилий мақола” бўйича 1-ўринга Республика “Истеъдод” газетаси бош муҳаррири Сарвиноз Маманова, 2-ўринга “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Муқаддас Сапарова, 3-ўринга эса Фарғона вилояти, “Қувонч” газетаси мухбири Жаҳонгир Холиқовнинг ижодий ишлари муносиб деб топилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар орасида номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди. “Энг ёш иштирокчи” деб Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Хуршида Суюнова, “Энг оригинал мақола” муаллифи ЎзННТМА Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Маҳмуд Холбоев, “Бадиий услубда ёритилган энг яхши материал” ёзган Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилояти мусиқали драма театрида адабий-эмакдоши Чарос Ёқубовалар ҳам тақдирланишди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Тадбирда ҳақиқий ижод ва байрам шукуҳи акс этиб турди.
– Жорий йилнинг 21 июлидан 25 августигача таҳририятга юборилган 20 дан ошиқ таҳлилий, ҳажвий ва бошқа жанрлардаги мақолалар орасидан энг яхшилари саралаб олинди ва газета саҳифаларида чоп этилди, – дейди “Жиззах овози” газетасининг бош муҳаррири Муқим Исмоилов. – Келгуси сонларда қолган мақолаларнинг чоп этилиши ҳам режалаштирилган. Бу тарғиботлар албатта, халқимиз орасида келажакка таҳдид солувчи иллатга қарши бирдамликда курашиш кайфиятини улашади. Қувонарлиси, мазкур танлов республикамизнинг бошқа вилоятларида яшовчи юртдошларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Танловда Фарғона, Самарқанд вилоятида яшаётган ижодкорлар ҳам ўз мақолалари билан иштирок этишди. Тажрибали журналистлар, республика нашрларининг вилоятдаги мухбирларидан иборат ҳайъат аъзолари ҳар бир материални синчковлик билан ўрганиб, холисона хулоса ва баҳоларини беришди.
Тақдирлаш маросими якунида ташриф буюрганлар жамиятимизда коррупцияга қарши иммунитетни ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар қаторида мазкур танлов каби тарғиботларнинг аҳамияти алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлашди.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).