КЎНГИЛЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ

Муборак Рамазон ойи муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида хайрли ва савобли амаллар кенг қулоч ёймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда хайрия тадбирлари ташкил этиляпти, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Жумладан, республика “Она” ҳамда “Мираҳмедов” жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан вилоятимиздаги 500 нафар эҳтиёжманд оилага рамазон эҳсони – озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ташкил этилган тадбирда маҳалла раислари томонидан шакллантирилган рўйхат асосида гўшт, ёғ, шакар, гуруч, ун каби кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан тўлдирилган қутилар ўз эгаларига топширилди.

– Муборак ой муносабати билан ҳудудларда турли хайр-саховат тадбирлари ўтказилмоқда. Эзгу амалларни давом эттириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кам таъминланган, кўп болали ва эҳтиёжманд оилалар учун саховат тадбири ташкил этдик. Рамазон – бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик ойидир. Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлайди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Жиззах вилоят филиали директори Мамлакат Арипова.

– Савобнинг катта-кичиги бўлмайди. Бугунги эҳсон кўплаб хонадонларга қувонч, юракларга илиқлик олиб кирди. Улуғ айёмда қилинган бу каби хайрли ишлар инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Эзгу ишларга қўл чўзаётган саховатпеша юртдошларимизни дуо қиламиз, – дейди Жиззах шаҳридаги Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Орзибуви Эргашова.

Саховат ойида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом этиб, ёш авлод учун меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва яхшилик қилиш каби олий қадриятларнинг амалий намунаси бўлиб хизмат қилади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *