ЙЎЛДА КЕЧГАН ЎЙЛАР

Қирқ беш йилдирки унинг умри йўлларда… Яхши хабар эшитганида  шодликка тўлиб, ёмон хабар келганда қайғуга ботган лаҳзаларига ҳам  шу йўллар гувоҳ. Йўловчиларнинг узоғини яқин қилиб, дарду ташвишларига шерик бўлаётган қаҳрамонимиз Юлдош Адиловнинг меҳнати бугун давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У истиқлолимизнинг 34 йиллик байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Гагарин  шаҳрида истиқомат қилувчи Юлдош Адилов йигирма ёшида ҳайдовчилик вазифасида иш фаолиятини бошлаган. Табиатан содда, камтар бу инсон йўловчиларнинг оғирини енгил қилишга, уларга кўмак беришга интилади. Узоқ йиллардан бери Жиззах-Гагарин йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатиб келади.

 —Илгари  автобус ҳайдовчилари  жуда оғир шароитда ишлаб, оила тебратишган,—дейди Юлдош Адилов.—“Кавз”, “Паз”, “Лаз” маркали автобусларни бошқарганмиз. Техникалар тез бузилар, ёқилғини кўп истеъмол қиларди.  Бугун республикамизда ишлаб чиқарилаётган автобуслар билан биргаликда автобус саройлари, уюшмалар ва таджбиркорлар томонидан замонавий хориж  автобуслари ҳам келтирилиб, турли йўналишларга қўйилаяпти. Бу билан вилоятимизда, айниқса, Жиззах шаҳрида жамоат транспортида  йўловчи ташиш хизмати  сифати анча ошди. Қишда иссиқ, ёзда салқин Хитой автобуслари кейинги пайтда шаҳримиз кўчаларида кўпайиб қолди. Бу иш сифатини, унумдорлигини ошишига, йўловчиларни ўз вақтида манзилига етказишга хизмат қилмоқда.

—Йўлда кетаётиб, ҳар куни юртимиздаги бунёдкорликларга, барпо этилаётган қурилиш иншоотларига боқиб, кўзим қувнайди. Равон, текис йўллар кайфиятингни кўтаради. Кунига икки марта йўналиш бўйича йўловчиларни ташийман. Автобус менимча ҳамон йўловчилар учун энг қулай, арзон ва хавфсиз жамоат транспорти сифатида аҳамиятини йўқотгани йўқ, дея қўшимча қилади Юлдош Адилов.

Тажрибали ҳайдовчи меҳнат қиладиган “Мирзачўл сервис авто” МЧЖда қаҳрамонимизнинг қатор шогирдлари бор. Улар яқин маслаҳатчи, ғамхўр ҳамкасб, ёрдамини аямайдиган устоз сифатида Юлдош акани йўқлаб туришади. Юртбошимизнинг олис ҳудудда яшаб, меҳнат қилиб келаётган оддий ҳайдовчига кўрсатган эътибори ва ғамхўрлиги  ҳайдовчининг маҳалладошлари ҳамда ҳамкасбдошларини ҳам қувонтирди.

—2019 йил Президентимизнинг “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Мирзачўл туманига ташрифи чоғида жамиятимиз учун 10 та янги автобус совға қилдилар,—дейди “Мирзачўл сервис авто” МЧЖ иш бошқарувчиси Шоҳруҳ Турдибеков. —Ўшанда Юлдош Адиловдек тажрибали, моҳир ҳайдовчиларни ишга таклиф қилиб, адашмаган эканмиз. Булар бугун ҳар жабҳада ёшларга ибрат, ўрнак бўлишаяпти.

—Албатта, бу мукофот нафақат Юлдош Адиловга, балки бутун жамоамизга берилган мукофот деб биламиз,—дейди “Мирзачўл сервис авто” МЧЖ раҳбари Шароф  Бойқулов. —Жамиятимизда 14 та транспорт, 20 нафар ходимимиз бор. Ҳар бир ходим билан меҳнат шартномаси тузилган. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ва иш ўринлари сонини ошириш мақсадида жорий йилда кредитга 10 дона Хитойдан замонавий автобуслар олиб келишни режалаштирганмиз.

Янги бир тонг отиб, янги кун бошланди. Юлдош ака ҳар доимгидек халқ хизматига отланади.  Севимли уловида турли манзилларга шошаётган одамлар орасида ўзининг йўлда кечаётган умри ҳақида ўйлаб, кейинги бекат томон йўл олади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *