Жиззах шаҳри ҳудудида қандай қурилишлар кетаяпти? Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ҳал этиладими? Гастрономик кўча қаерда бўлади? Талабалар учун тураргоҳлар сони ошди. Энди автобусларда йўл ҳақини пластик карта орқали ҳам тўлаш мумкин. Автобус қатнови йўналишлари брутто тизимига ўтмоқда.
Жиззах шаҳридаги Адлия бўлими мажлислар залида “Жиззах шаҳар ҳокимининг 2025 йил 1-чорагида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжуманида шаҳар ҳокими Комил Холмуродов юқоридаги ўзгаришлар ва саволлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Жорий йил мобайнида шаҳарда 6508 та янги иш ўрни яратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3210 тага кўп. “Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик комбинати” МЧЖда ҳозирда ишга қабул қилиш жараёнлари бошланган. Йил якунига қадар комбинатга 1000 нафарга яқин ишчи олиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Маданият маҳалласида янги савдо кўнгилочар комплекси қурилиши режалаштирилган ва у ерда ҳам 1000 га яқин иш ўрни яратилади.

Текстил йўналиши нисбатан иқтисодий оғир вазиятларни бошидан кечирган бўлса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобиль саноати сезиларли даражада ривожланди. Тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритиш кўтарилиб, йиллик инвестиция 3 баробарга ошди.
Шаҳримиз ҳудудида давлат тасарруфидаги 8 та, тижорат банклари тасарруфида реализация қилиниши керак бўлган 14 та объект мавжуд. Маълум вақт сотилмасдан турган биноларнинг эскириб бораётганлиги туфайли имконият даражасида нархини пасайтириб сотиш бўйича таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Объектларнинг нархи 10-15 фоизга туширилганидан сўнг 4 та объект сотилди. Бунинг натижасида тадбиркорларга қулай инфраструктура етказиш орқали фаолиятини тўхтатган жойлардан самарали фойдаланиш имконияти яратилди.
Аҳолининг хонадонларга бўлган эҳтиёжининг йилдан йилга ортиб бораётганини инобатга олиб, шаҳримиз марказида жойлашган 11 та маҳалладаги 803 гектар майдонда уй-жой қурилиши бўйича мастер режаси эълон қилинди. Режа асосидаги ишлар бошлаб юборилди. Бундан ташқари, кўп қаватлик уйларда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жиззах шаҳрининг ҳудудини кенгайтириш ҳақидаги гап бир неча йиллардан буён муҳокамада бўлиб келаяпти. Ҳудудлар кенгайиши жараёнида аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик учун барча инфратузилмалар мукаммал тарзда ҳал қилинмоғи лозим. Шаҳар ҳокимлиги томонидан бу борада таклифлар берилиб, турли вазирликлар билан 90 фоиз келишувга эришилган.
Шаҳарнинг туристик салоҳиятини яхшилаш борасида истиқболли режалар мавжуд. Хусусан, жорий йилнинг якунига қадар Ислом Каримов кўчасини гастрономик кўчага айлантириш режалаштирилган бўлиб, тез кунларда ишлар бошланади. Кўчада пиёдалар қатнови учун қўшимча йўлаклар, велойўлак, дам олиш учун айвонлар ўзбек миллий ва чет эл таомларини тайёрловчи ошхона, кафе, ресторанлар сонини кўпайтириш, умуман, аҳолининг сайр қилиши учун бу кўчада барча шароитларни яратиш кўзда тутилган.
Шаҳар ҳокими талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталди. Айни вақтда талабалар Ёшлик маҳалласида 300 ўринлик, Заргарлик маҳалласида 600 ўринлик, Обод маҳалласида 400 ўринлик тураргоҳдан фойдаланиб келишмоқда. Шу билан бирга Қозон ва Самбраҳам университетлари орқа тарафидан 600 ўринлик ётоқхона қурилиши режалаштирилган. Боғишамол маҳалласида ҳам 600 ўринлик талабалар тураргоҳи яқин бир ой ичида фойдаланишга топширилади.
Шаҳримизга 60 та янги автобус олиб келинди. Уларнинг барчасида йўл ҳақини пластик карталар орқали тўлаш имконияти яратилди. Транспорт қатновларини тартибга солиш мақсадида автобус йўналишлари брутто тизимига ўтказилмоқда. Яъни, автобуслар фақат бекатларга тўхтайди ва у ерда белгиланган вақтгина бўлади. Вақтдан ошиши ёки камроқ муддат туриши ман этилади. Бу автобуслар қатновидаги оралиқ масофани сақлашга хизмат қилади. Бекатлар мавжуд бўлмаган ҳудудлар рўйхати шакллантирилади, тизим йил якунига қадар жорий қилинади.
Истиқболдаги режаларга кўра, Заргарлик бекатида ҳам ер ости йўли қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида, муаммоли вазиятлар ечими ҳақидаги таклиф ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.
Шаҳноза МАНСУРОВА