Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Душанбе шаҳрида 31 август – 4 сентябрь кунлари сузиш бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Терма жамоа сафида жиззахлик ёшлар — Фотима Мусурмонова 400 метрга эстафета йўналишида, Жавлонбек Ғаниев 200 метр дельфин усулида ва 400 метрга эркин сузиш бўйича бронза медалларини қўлга киритишди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти Кенгашида совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти кенгаши раиси, сенатор Н. Пардаев, Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мураббийи Ғайрат Султонов ва бошқалар сўзга чиқишиб, мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларнинг маҳоратини оширишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашди.

— Сузиш ҳавзамизда 120 нафар ўғил-қизларнинг малакали мутахассислар раҳбарлигида сузиш спорти сирларини ўрганиши учун барча шароитлар яратилган, — дейди совриндорлар мураббийи Ғайрат Султонов. — Ҳавзада мураббийлар, тиббиёт, кийиниш хоналари мавжуд бўлиб, сув таркиби назорат қилинадиган лаборатория ташкил этилган. Ҳозирда 25 сентябрда Баҳрайн Республикасида ўтказиладиган Осиё чемпионати ҳамда Озарбойжоннинг Баку шаҳрида бўладиган МДҲ давлатлари кубогига қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Айни пайтда вилоятимизда саккизта сузиш ҳавзаси фаолият юритиб келмоқда. Бу масканларда ёшларнинг сув спорти билан шуғулланишлари учун барча шароит муҳайё қилинган.
— Олти йилдан буён спортнинг шу тури билан шуғулланиб келаман, — дейди Фотима Мусурмонова. — Бу давр мобайнида бир неча бор Ўзбекистон чемпионатлари ва Халқаро турнирлар ғолиби бўлдим. Мақсадим — Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида юртимиз байроғини баланд кўтариш. Бунинг учун юртимизда етарлича имкониятлар мавжуд.
Тадбир охирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан халқаро турнир совриндорларига эсдалик совғалари топширилди.