Сангзор дарёсининг сувини тўплаб, 8400 гектар ер майдонини оби ҳаёт билан 50 йилдан зиёд вақт мобайнида таъминлаб келаётган Жиззах сув омбори эндиликда яна бир муҳим вазифани бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида сув омбори ҳудудида қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Дастлаб иншоотга олиб борувчи 1 км йўл асфальтлаштирилди. Сув омборидаги машиналар зали, қўриқлаш пости, маиший бинолар замонавий таъмирланиб, ходимларнинг иш унумдорлиги оширилди. Сув омбори остидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган туннел таъмирланди. Атрофда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилиб, 18 кВ/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Улар ёрдамида ҳудуддаги бино ва иншоотлар электр энергияси билан тўлиқ таъминланиб, бир кунда ўртача 432 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
-51 йилдирки, сув омбори суғорма деҳқончилик учун хизмат қилиб келаяпти, – дейди Жиззах сув омбори бошлиғи Собир Исаев. – Бу иншоот вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ва иқлимида жуда катта ўрин тутади. Президент қарорига мувофиқ, сув омбори ҳудудида микро ГЭС қуриб битказилди. Унинг умумий қуввати 550 кВт бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 620,9 млн кВт/соатни ташкил этади. Ушбу лойиҳа минтақада қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Микро ГЭС вегетация даврида фаол ток ишлаб чиқаради. Шу сабаб мазкур иншоотнинг келгуси йил баҳор ойларидан бошлаб аҳоли ва саноат қувватлари учун умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясига тўла қувватда улуш қўшиб бориши кутилмоқда.
Муқаддас САПАРОВА.