ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ АСОСИЙ УСТУНЛАРИ

Ҳаётда ҳар бир эзгулик, ҳар бир кашфиёт ва ютуқнинг замирида ўқитувчининг меҳнати, бардоши ва меҳр-муҳаббати мужассам. Ўқитувчи зиммасига ҳаёт талабларига тўла жавоб берадиган ва ўз замонига муносиб кишиларни тарбиялашдек масъулиятли вазифа юклатилган. Қуёш ўз нури билан бутун табиат, борлиқни жонлантиргани каби ўқитувчи, мураббий ҳам бор маҳорати, илми билан ўқувчи-ёшлар қалбини илм зиёси билан тўлдиришга аҳд қилган буюк касб эгасидир. Ҳаёт гўзаллиги, турмуш фаровонлиги, инсонлар одоблилиги, қолаверса, истиқболимиз муаллим меҳнати билан бевосита боғлиқ. Мен ҳам ёшлигимдан устоз бўлиш орзусида ўқидим, изландим, ўз мақсадимга эришдим. 

Айниқса Президент мактаби ўқитувчиси бўлиш катта масъулият, ишонч ва билим талаб этади. Шуни фахрланиб айтишим керакки, янги ўқув йили ўзгача руҳият, янгиликлар ва хушхабарлар билан бошланди. Биринчиси, давлатимиз раҳбари томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу хушхабардан сўнг мактаб жамоаси, яқинларим ва шогирдларимдан келаётган қутловларнинг чеки йўқ. Ушбу давлат мукофоти зиммамга катта масъулият юклайди. Эндиликда ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, барча билим ва тажрибамни ишга солиб, келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама етук, билимли, халқимизга, жамиятимизга нафи тегадиган ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашга сафарбар этаман.

Мазкур йилнинг иккинчи хушхабари давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқоти биз –таълим ва тарбия соҳаси вакиллари ҳаётида ўзгача муҳим тарихий воқеа бўлди десак, асло муболаға бўлмайди. 

Президентимиз шу йўналишдаги ислоҳотлар аҳамиятига тўхталиб, сўнгги саккиз йил ичида эришилган натижаларга эътибор қаратди. Иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади, барқарор ўсади. Бу ҳаётий қонун, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Мулоқотда соҳага оид кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди, янгиликлар эълон қилинди. Таъкидландики, энди янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади.

Яна бир муҳим янгилик. Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Ишонасизми, ҳамкасбларим орасида компьютер олишга имконияти йўқ ўқитувчилар бор. Улар бу имкониятдан унумли фойдаланса бўлади. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Мисол учун, агар бизнинг педагогик жамоамизда 30 нафардан ортиқ ўқитувчи ишласа, уларнинг ярмидан кўпи 10 миллион сўмдан ортиқ ойлик олади. Беш нафар ўқитувчимиз ойлиги ҳисобидан автомобиль олган, яна беш нафари уй харид қилди. Бу нимадан далолат?. Ким меҳнат қилса, ҳаракат қилса, ўз устида ишласа, тоифа, сертификатларни қўлга киритса ҳатто минг доллардан ортиқ ойлик олиш имконияти мавжуд.

Энди ҳеч ким бизни олдингидек пахтага чиқ, чопиққа чиқ, ҳашарга чиқ деб безовта қилмаётган бўлса, барча шароитларга эга замонавий мактабларда меҳнат қилсак, фақат биздан касбимизга меҳр бериб, ўз устимизда ишлаш талаб этилади. Ўқитувчиликнинг маъсулиятини шу касбда ишлаб билдим. Устозлик масъулиятини елкада кўтариш ва бу номга муносиб бўлиш жуда мушкул вазифа. Ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаш, унинг дунёсида ўз ўрнига эга бўлиш машаққатли  эканлигини ҳис этдим. Бугун давлатимиз раҳбари биз, ўқитувчиларга яратиб бераётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб ўқувчиларга сабоқ берсак, келажакда албатта Янги Ўзбекистоннинг асосий устунлари –билимли ва замонавий касб эгалари етишиб чиқади. Шу шарафли соҳанинг эгаси эканмиз, ҳар биримиз бунга интилишимиз, фидойи бўлиб, жон куйдириб, меҳнат қилишимиз шарт ва зарур деб ўйлайман.

 

Шерзод ЭРГАШЕВ,

Жиззах шаҳридаги Президент мактабининг математика фани ўқитувчиси,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *