Болаликда ҳаммамиз вақт машинасига миниб ўтмишга ёки келажакка учишни орзу қилганмиз. Бири келажак шаҳарларини кўришни, бири эса бобоси ёшликда қандай яшаганини билишни истайди. Мен эса сизга сир айтаман: вақт машинаси аллақачон мавжуд. У ҳеч қандай металл танага эга эмас, ғилдираклари ҳам йўқ. У жимжит, аммо кучли. Ва у — китоб.
Кутубхонамиз эшигидан кирганингизда, аслида сиз вақт машинасига қадам қўйган бўласиз. Мана, биринчи жавонда Алишер Навоий сизни ХV aсрга таклиф қилади. Кейинги токчада илм-фан ҳақида китоблар сизни келажак космик станцияларига олиб чиқади. Ўртадаги жавонда эса бугунги кунда яшаётган болаларнинг ҳикоялари сизни ўзингизнинг замонингизга қайтаради.
Оила эса бу вақт машинасининг биринчи учиш майдони. Уйда ота эртак айтади, она тарихий қаҳрамонлар ҳақида сўзлайди — ва бола ўзининг биринчи саёҳатини амалга оширади. Шу сабаб ҳар бир ота-она фарзандига энг қиммат совғани бера олади — китоб орқали вақт бўйлаб саёҳат қилиш имконияти.
Бугунги ислоҳотлар туфайли кутубхонамиз янада бойиди. Энди болалар фақат ўтмишга эмас, балки замонавий илм-фан, янги технологиялар ва келажак сценарийларини ҳам “кўздан кечиради”. Ҳар бир ўқувчимиз китоб саҳифаларидан космосга учади, океан тубига шўнғийди ёки қадимги шаҳар кўчаларида сайр қилади.
Бир куни кичкина ўқувчимиз менга шундай деди:
— Опа, мен бу китобдаги қаҳрамон билан гаплашдим.
Мен жилмайдим: “Демак, сен вақт машинасини ишга туширдинг, болам.”
Кутубхона — бу энг жим, энг хавфсиз ва энг узоққа учадиган вақт машинаси. Унинг йўловчилари эса — ўқувчилар. Агар сиз ҳам ўтмиш сирларини билмоқчи, бугун билан учрашмоқчи ва келажакни кўздан кечирмоқчи бўлсангиз, жавонлар оралиғидаги вақт машинасига марҳамат.
Гулбаҳор АБДУРАЗЗОҚОВА,
Жиззах вилояти АКМнинг Ўлкашунослик ахборотлар сектори мутахассиси.