Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида олий таълим муассасалари битирувчилари учун “Карьера куни” тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир ирригация соҳасида билим ва тажрибага эга бўлган ёш мутахассисларни соҳага кенг жалб этиш, уларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш ва тизимдаги кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилди.

Тадбирда Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Мустақов ёшлар билан учрашиб, сув хўжалиги соҳасининг мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашдаги ўрни, мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг ўз билим ва кўникмаларини амалиётда қўллашлари учун барча шароит мавжудлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида тизим ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот битирувчиларга тақдим этилди ва белгиланган тартибда ишга қабул қилиш жараёнлари амалга оширилди. Натижада ирригация соҳасини тамомлаган бир қатор ёш мутахассислар иш билан таъминланди.

Жумладан, Зомин ИТБ бошқармасига – Фаррух Эргашев, Насос станциялари ва энергетика бошқармасига – Шуҳрат Ёриев ва Мадина Отабоева, Мелиоратив экспедицияга – Фарида Эгамбердиева, Зафаробод тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига – Севара Ҳазратқулова, Зомин тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига – Акбарали Мусурмонов, Бахмал тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига – Мафтуна Абдуллаева ишга қабул қилинди.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг касбий ўсишига кўмаклашиш ҳамда ирригация тизимларида малакали кадрлар захирасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шерзод БУТУНБОЕВ,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати раҳбари.