Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган катта атом электр станцияси ва 110 МВт бўлган кичик атом электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25-сентабр куни Москвада бўлиб ўтган Глобал атом форумида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.
«Бизнинг “Росатом” билан ҳамкорликдаги лойиҳамиз мамлакат тарихидаги илк АЭС бўлиб, ўзига хос хусусиятларга эга. Жиззах вилоятидаги ягона майдончада ҳар бири 1000 МВт қувватга эга бўлган иккита йирик реактор ва ҳар бири 55 МВт қувватли иккита кичик реактор қурилади. Бундай комбинациялашган ёндашув бир вақтнинг ўзида 2,1 ГВт асосий қувват ишлаб чиқариш ва мослашувчан манёвр имкониятларини таъминлайди», — деди бош вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, 2035 йилга бориб 525 гектар майдондаги комбинациялашган атом электр станцияси 15 млрд кВт/соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради.
Ўз навбатида, «Росатом» бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистон ҳукумати кичик қувватли АЭС майдонига иккита йирик АЭС блокини қўшиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди. «Биз Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.
Форумда қатнашган «Ўзатом» директори Азим Ахмедхаджаев эса Ўзбекистонда кичик ва йирик атом электр станциялари лойиҳаларини бирлаштирган ҳолда атом энергетикасининг интеграциялашган моделини ривожлантириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Ўзбекистон амалда кичик модулли реакторларни жорий этишда пешқадам ҳисобланади. Биз уларни йирик реакторлар билан интеграциялашган ҳолда ривожлантиришни режалаштиряпмиз, шу орқали кенг қамровли компетенциялар мактабини яратамиз. Кичик модулли реакторларнинг келажаги порлоқ эканини яхши англаймиз», — деди у.
Шунингдек, Ахмедхаджаевнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон 2025 йил кузда Жиззах вилоятидаги кичик қувватли атом электр станцияси учун котлован қазиш ишларини бошлашни режалаштирмоқда.
«Бир йил ичида жуда кўп нарсалар ўзгарди: майдонда ер ишлари бошланди, барча тадқиқот ишлари якунланди. Бу кузда биз котлован қазиш босқичига ўтамиз, чунки президентимиз келгуси йил март ойида кичик модулли реактор учун биринчи бетонни қуйиш ишларини бошлаш вазифасини қўйган. Биз қайта ташкил этдик, режалаштирдик ва бу мақсад сари ҳаракат қиляпмиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, рухсатнома ва лицензиялар олиш бўйича Ўзбекистон ва Россия регуляторлари, шунингдек, лойиҳанинг халқаро хавфсизлик талаблари ва стандартларига мувофиқлигини доимий равишда мониторинг қилиб борадиган МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) билан параллел равишда ишлар олиб борилмоқда.
Август ойида Азим Ахмедхаджаев бўлажак кичик АЭСнинг биринчи бетонини 2026 йил март ойида қуйиш топширилганини маълум қилган эди. «Ўзатом» раҳбарининг тушунтиришича, бетон қуйиш лойиҳани амалга оширишнинг фаол босқичига ўтишни англатади, бу эса бевосита АЭС қурилишига олиб келади.
Ўзбекистонда АЭС
– Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича келишувни 2018 йилдаёқ имзолаган эди. Ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудида ҳар бир энергоблокнинг белгиланган қуввати 1,2 ГВт гача бўлган Россия лойиҳаси бўйича сув-сув энергетик реактори асосидаги иккита энергоблок таркибидаги атом электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация қилиш ва фойдаланишдан чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган
– Атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома 2024 йил 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» («Росатом»нинг муҳандислик бўлими) ўртасида тузилганди. «Росатом» станция қурилишининг бош пудратчиси бўлади, қурилишга Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб этилади.
– Президент Шавкат Мирзиёев кичик атом электр станциясини қуриш лойиҳасини «ҳаётий аҳамиятга эга» деб атаган. «Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга», — деганди у.
– «Росатом» раҳбари Алексей Лихачёвнинг айтишича, станцияни 2029 йилдан 2033 йилгача «босқичма-босқич» ишга тушириш режалаштирилган.
– Лойиҳа РИТМ-200Н босимли сув ядро реакторига асосланган бо’либ, РИТМ-200 кема қурилмасининг адаптацияси бўлиб, у ядровий музёрарлар учун мўлжалланган. Бу реакторларга эга қуруқликдаги атом электр станциялари ҳали қурилмаган.
– Ўзбекистондаги кичик атом электр станциясининг биринчи блокини 2029 йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган, бироқ Якутияда худди шундай лойиҳани ишга тушириш 2028 йилдан 2030 йилга кўчирилган.
– 2024 йил 10 сентябрь куни АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» станция лойиҳаси бўйича ишларни бошлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган. Бу қурилиш майдонида тайёргарлик ишларининг фаол босқичи бошланиши ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини англатади.
– Жиззах вилоятида қуриладиган кичик қувватли атом станциясининг умумий қуввати, сўнгги маълумотларга кўра, 110 МВт бўлиб, ҳар бири 55 МВт бўлган иккита реактордан иборат бўлади (дастлаб олтита режалаштирилган эди).
Газета.уз