“ЗОЛИМ ТИҒИН УШОТИБ…”

Ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунида менга таълим берган, ҳаёт кўникмаларини юрагимга сингдирган устозларимни бир-бир ёдга оламан, улар билан боғлиқ воқеаларни эслаб, ич-ичимдан энтикаман. Бизнинг ўқувчилик йилларимиз бевосита давлат сиёсати билан боғланиб кетган эди. Давлат чорвасига ем-хашак кам бўлса, ўқувчилар дағал хашак ўришга сафарбар этиларди. Ёзда пахтазорни ёввойи ўтлардан тозалардик. Бир ой ўтар-ўтмас пахта теримига олиб кетишарди. Бу жамоат ишларида пахта терими энг муҳим ва жиддий жараёнлардан эди. Фарзанди пахта теримига бормаган ота-оналар ишдан олинар, партия аъзоси бўлса, қатъий чоралар кўриларди.

Бизнинг оиладан уч киши – мен, катта опам ва синглим пахта теримига борардик.

9-синфда ўқиётганимда Мирзачўл тумани пахтазорларида ғайрат камарини боғлаган эдик. Кунлик норма белгилаб берилган эди. Жавлон деган ўртоғим билан бирга терардик. Бошқа илғор ўқувчилар 50-60 килодан теришса, биз кунига 200 кило пахтани териб, устозларнинг мақтовини эшитардик.

Ноябрь ойи эди, эрта тонг ўрнимдан турай десам белимни кўтаролмайман, оғриққа  чидай олмай “вой-вой”лаб юбордим. Оғриқ жуда кучли эди. Менинг оҳ-воҳимни эшитган устозлар тўшагим атрофида йиғилишди. Синфдошларим юзимга ташвиш билан боқишарди. Бизга бириктирилган ёшгина ҳамшира нима қилишни билмай икки дона аналгин ичирди, қани энди бу оғриқ босила қолса…

Пахта кампаниясига бош бўлган мактаб директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Нозим Махамматов:

— Касалхонага олиб борамиз, сиз ҳам бирга борасиз, –деди синф раҳбаримиз Даврон Мавлоновга.

Хуллас туман шифохонасида одам кўп, касал бўлиб қолган ўқувчилар, талабалар. Кўпчилиги палаталарда жой йўқлиги учун йўлакларда ётибди. Устозларим бир амаллаб бир оқ халатли қозоқ йигитини олиб келиб, мени кўрсатишди.

—Беморнинг чап буйраги шамоллаган ёки тош бор буйракда, -деди оқ халатли аллома.

Нозим ака синф раҳбаримизга бу ердан тезроқ кетайлик, дегандай имо қилди.

— Бугун ёки эртага директор келади, бу шифохонага ташлаб кетсак, аҳволи баттар оғирлашади,– деди у синф раҳбаримизга.

Ўша куни тушликдан кейин бир текширувчи келди. У шийпонни айланиб, кўрпага ўраниб ётганимни кўриб қолди.

— Бу бола нега теримга чиқмаган! Ҳозироқ ишга чиқсин, –дея зуғум қилди у Н.Махамматовга.

— Бу ўқувчи оғир касал, эртага уйига қўйиб келамиз.

— Нима?! Одам етишмаётган бир пайтда тайёр теримчини уйига жавоб берасизми? Бекорларни айтибсиз, ҳозироқ ўрнидан туриб теримга чиқсин. Бўлмаса масалангизни райкомда кўриб чиқамиз.

Нозим аканинг ғазабдан юзи қизариб кетди. Лекин босиқлик қилди.

— Менинг масаламни қаерда кўрсангиз ҳам розиман, аммо касал болани далага чиқармайман, –деди у.

Гапи ўтмаганидан гезариб кетган райком ходими менга юзланди.

— Ҳой бола, ўрнингдан тур деяпман!

Мен ёғоч-тахталардан ясалган сўриларнинг иккинчи қаватида ётардим. Райком ходими устимдаги кўрпани олиб ташлаш учун омонат қўйилган нарвонга оёғини қўйиб ёнимга чиқа бошлади.

— Эҳтиёт бўлинг, нарвон омонат турибди, –деган Нозим ака оёғи билан нарвоннинг таг томонини секингина суриб юборди. Нарвон қийшайиб, райком ходими ерга “шалоп” этиб йиқилиб тушди.

— Айтдим-ку нарвон омонат деб, –Нозим ака райком ходимининг ўрнидан туришига кўмаклашган киши бўлди.

Текширувчи уст-бошини қоқиб, бўйинтуруғини тўғирлади.

— Сизлар билан бошқа жойда гаплашаман! –деб шийпондан шитоб билан чиқиб кетди.

Шу воқеа туфайли устоз эртасига мени уйга олиб бориб қўйди. Мен 25 кун шифохонада даволандим.

Орадан йиллар ўтди. Нозим ака энди вилоятда ички ишлар бошқармасида ишларди. Гоҳида учрашиб қолардик. Бир гал учрашганимизда ўша воқеани ёдига солдим.

— Ҳа, эсимда. Пахтадан келганимиздан кейин мени райкомга чақиришди. Партия аъзоси бўлмасам ҳам ҳайфсан беришди.

— Индамай олавердингизми?

— Ўқитувчига ҳар доим ҳам беравермайди, аксинча ундан нимадир олишади. Шунинг учун олавердим, “берганнинг бетига қарама!” дейишади-ку, – деб кулди устоз.

Мактабда биз доим унга ўхшашга ҳаракат қилардик. Унинг босиқ, аммо қарордай янграйдиган сўзлари барча ўқувчиларда ҳурмат уйғотарди.

Нозим Махамматов ички ишлар соҳасида самарали меҳнат қилди. Соҳада ишлаган йилларда кўпроқ шахсий таркиб ва кадрлар билан ишлаш бўлимларида фаолият кўрсатди. Доим одил, ҳалол ва ўз принципларидан қайтмай ишлади. Ёш ходимларнинг соҳада кўникма орттиришлари учун маслаҳатлар берарди.

У туманларда ИИБ бошлиғи, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган даврларда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик профилактикаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолидан тушган ариза ва шикоятларни батафсил кўриб чиқиш ва адолатли ҳал этилишини ходимларидан талаб қиларди.

— Агар тизимда тарози посангиси бузилса, яъни ходим бир томонни қўллаб, иккинчи томонни қоралаб турса, халқ давлатдан норози бўлади. Чунки устимиздаги кийимни, елкамиздаги погонни бизга давлат бериб қўйган, -дерди у.

Полковник Нозим Махамматов умрининг охиригача ҳазрат Навоий айтганидек, “Золим тиғин ушотиб, мазлум жароҳатига интиқом малҳамин қўйиб” яшади. Нафақага чиққанидан кейин ҳам Жиззах вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатди. Хизмат фаолияти давомида 39 марта рағбатлантирилди. Бугунги кунда уни юзлаб шогирдлари мен каби ёдга олаётган бўлса ажаб эмас. Устознинг охиратлари обод бўлсин.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *