“МАДАНИЯТ КАРВОНИ” КОНЦЕРТ ТОМОШАЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Маълумки, 2021 йил 7 июнда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Бугунга қадар мазкур Қонуннинг ижроси юзасидан мамлакат миқёсида бир қатор маданий ишлар амалга оширилиб, соҳа жонкуярларига бўлган ҳурмат ва эътибор кун сайин ортиб бормоқда.

Вилоят маданият бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, воҳамизда фаолият юритиб келаётган вилоят мусиқали драма ҳамда қўғирчоқ театрлари фаолиятида жорий йил бошидан 145 та спектакл намойишлари ўтказилган. Шундан 113 таси пуллик, 32 таси бепул бўлган томошаларнинг 63 таси театрлар биносида, 82 таси гастроль ва кўчма спектакллар шаклида ташкил этилиб, 28 400 нафар томошабин қамраб олинган. Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят бўлимлари томонидан ўтказилган 100 та бепул ва 27 та пуллик концерт-томошаларида эса 36 минг нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинган.

Ҳозирда вилоятимизда мавжуд 37 та маданият марказлари қошида мингдан ортиқ ёшлар аъзолигида 136 та тўгарак, студия ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилган. Қолаверса, 31 та “Халқ” ва “Намунали” унвонга эга жамоалар ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан чекка ва чегара ҳудудларида ташкил этиб келинаётган мусиқий, маънавий-маданий тадбирлар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Маданият карвони” мусиқий тадбирлари ташкил этилди. Жумладан, Арнасой ва Дўстлик туманларида, Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги “Шодлик” ансамбли иштирокида концерт-томошалари ўтказилди. 

Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари ҳам “Маданият ва санъат ходимлари куни”ни муносиб нишонлаш мақсадида Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Сафар давомида водий воҳаларидаги санъат ихлосмандлари учун А.П.Чеховнинг “Жон аччиғи” асари асосида режиссёр Ш.Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган “Монолог” драмасини намойиш этишди.

— Ижодий жамоамизни қувонтирган ҳолат шу бўлдики, саҳнада рол ижро этаётган вақтимизда бирорта томошабиннинг ё телефонда ёки ёнидаги ҳамроҳи билан гаплашганлиги сезилмади, — дейди вилоят драма театрининг олий тоифали актрисаси Вазира Мирзаева. — Театр залларида бутунлай жимлик, фақатгина актёрлар овози жаранглаганлиги воқеликлар таъсирчанлигини таъминлади. Санъатга ва санъаткорларга бўлган юксак ҳурматнинг мана шундай ёрқин ифодаси бизни беҳад мамнун этди.

Дарҳақиқат, шу ўринда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир, ёзувчи ва таржимон Қўчқор Норқобилнинг маданият ва санъат соҳасига бағишлаган қуйидаги таърифлари ёдимизга тушади:

Дарахтнинг барқ уриб яшнаган баргларини кўз олдингизга келтиринг-а… Уларнинг темирга айланиб қолишини тасаввур этоласизми? Йўқ, ақл бовар қилмайди! 

Санъатни ҳам “Ҳаёт дарахти” баргларига қиёсламоқ мумкин. У темирга айланса, тамом, ҳаёт занглайди, тириклик ўз моҳиятини йўқотади. 

Санъат инсоннинг қалб кўзини очади. Албатта, бу кўз билан одам дунёни бошқача кўра бошлайди. Масалан, яхши спектаклдан олдинги ва кейинги ҳолатингизни таасаввур этиб кўринг… Нима, ҳеч нарса ўзгармади, дейсизми? Қалб кўзингиз очилмабди, биродар. Унда театрга яна бир бориб кўринг… 

Санъат дунёдаги барча тилларга тилмочлик қилиш қудратига эга куч. Масалан, мусиқа ва ранг тасвир, инсон кўнглида ёрқинлик уйғотувчи барча ифодалар ҳаммага бирдай тушунарли бўлади. Ахир инсон қиёфасида акс этган қувонч ё қайғуни изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ-ку. Севги-муҳаббатнинг сўзсиз тили ҳаммага тушунарли-ку. 

Санъат юрак тилида сўзлайди. Юрак тилини тушунганлар муҳаббат тилида сўзлаша оладилар. Муҳаббат тили эса бутун инсониятга тегишли тилдир!

Гулчеҳра ХИДИРОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *