ЗАҲМАТКАШ ОЛИМНИНГ ИБРАТ МАКТАБИ

Устоз бамисоли боғбон, у навниҳолларни шундай бир меҳр ила парвариш қиладики, улар вояга етгач, унинг нақадар улуғвор ишлар қилганига амин бўласиз. Шунинг учун “Устоз отангдек улуғ”, дейишади. Ана шундай устозлардан бири филология фанлари доктори, профессор, 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби  Умурзоқ  Жуманазаровдир.  Қуйида бутун умрини илм-фанни ривожлантириш, ёш авлодни тарбиялашга бағишлаган заҳматкаш олимнинг ҳаёт йўли ва фаолиятига бир назар ташлаб, унинг ёрқин саҳифаларини варақлашга ҳаракат қилдик.  

Умурзоқ  Жуманазаров 1956 йилда Бахмал туманининг Лойиқа қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Ўрта таълим мактабни тугатиб, Садриддин Айний номидаги Самарқанд давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетининг кундузги бўлимига ўқишга кирди. Олий ўқув даргоҳини 1977 йилда имтиёзли диплом билан тамомлади ва мазкур институтнинг ўзбек тилшунослиги кафедрасида лаборант, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт илмий тадқиқот институтида лаборант ва кичик илмий ходим вазифаларида ишлади.

1984 йил сентябридан унинг меҳнат фаолияти Жиззах давлат педагогика институтига кўчди. Дастлаб декан ўринбосари, кафедранинг катта ўқитувчиси, доценти лавозимида ишлаган бўлса, кейинчалик узоқ йиллар давомида тил ва адабиёт, бошланғич таълим методикаси, бошланғич таълим назарияси ва амалиёти кафедраларининг мудири, ўзбек тили ва адабиёти факультети декани вазифаларида фаолият кўрсатди. Ҳозирги вақтда эса бошланғич таълим назарияси ва методикаси кафедрасининг профессори сифатида ёшларга сабоқ бермоқда.

Узоқ йиллик изланишлар натижасида олим  “Ўзбек халқ тарихий қўшиқлари (спецификаси, таснифи ва поэтикаси)” мавзусидаги филология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини (1983 й.), сўнгра “Ўзбек тарихий фольклорининг жанрлари таркиби ва уларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари” мавзусидаги филология фанлари бўйича докторлик диссертациясини (1991 й.) ҳимоя қилди. Дастлаб доцентлик (1986 й.) ва сўнгра профессорлик (1993 й.) илмий унвонларига эга бўлди. Олий таълимдаги педагогик фаолиятини филология соҳасидаги илмий тадқиқотлар жараёни билан қўшиб олиб боришга ҳаракат қилган олимнинг 350 дан ортиқ илмий ишлари эълон қилинган. Тажрибали педагог 16 та монография тайёрлашга муваффақ бўлди. Унинг Германия, Туркия ва  Озарбайжонда нашр этилган монографиялари ҳам бор. Бугунги кунда олий ўқув юрти талабалари устознинг 2 та дарслиги, 28 та ўқув қўлланма ва 8 та рисоласидан фойдаланишмоқда.

У. Жуманазаров  2010—2020 йилларда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” номли фундаментал лойиҳада ўриндошлик асосида иштирок этди. Лойиҳада илмий тадқиқотларидаги фольклор материалларини матний таҳлил қилиш, поэтик образлар ва этник қаҳрамонларнинг тарихий асосларини ойдинлаштиришга оид назарий умумлашмалари, шунингдек, ўзбек халқ ижоди асарларини академик нашрга тайёрлашнинг янги илмий мезонлари билан боғлиқ хулосалари амалиётга татбиқ этилган.

Истиқлол даврида республикамизнинг бир қатор илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларида юқори малакали илмий кадрларни тайёрлашга баҳоли қудрат кўмак бериб келмоқда. Хусусан, олим Ўзбекистон Фанлари Академияси қошидаги Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти (1994-2005 йиллар), Ўзбекистон Миллий университети  (2005-2008, 2016-2018 й.), ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори илмий-институти (2019-2023 й.), Самарқанд давлат университети (2023-2024 й.), Гулистон давлат университети (2024-2025 й.) ҳузуридаги ихтисослашган Илмий Кенгаш ва семинарларда аъзо сифатида фаолият олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссиясининг филология фанлари йўналиши бўйича эксперт аъзоси (2017-2021 й.), шунингдек, сўнгги йилларда Жиззах давлат педагогика университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзоси (2020-2022 й.) ва раиси (2022-2025 й.) сифатида фаолият олиб бормоқда.

Устознинг раҳбарлигида шогирдларидан бири  фан доктори (DSc), 8 нафари фан номзоди ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) унвонларига сазовор бўлдилар.  12 та докторлик, 26 та номзодлик ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияларига расмий ҳакамлик қилди. Ҳозирги вақтда унинг раҳбарлигида 5 нафар тадқиқотчи илмий иш олиб бораяпти. Етук олим айни пайтда Америка Қўшма Штатларининг, “International Journal of Scientific Trends – (IJST)”, шунингдек, “Тафаккур зиёси” республика журналларининг таҳрир ҳайъати аъзоси.

Роппа-роса икки йил аввал заҳматкаш олимнинг ҳаётида, кўп йиллик илмий-педагогик фаолиятида туб бурилиш содир бўлди. У муҳтарам Президентимизнинг Фармони билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

— Бу юксак мукофотни энг аввало, университетимизнинг педагогик жамоасига берилган катта ишонч сифатида қабул қилдим, —дейди         Умурзоқ Жуманазаров.—Қолаверса, меҳнат жамоасидаги ўқув-тарбия жараёнида миллий таълим тизимини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни, инновацион педагогик ва ахборот коммуникация технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, филология соҳасида амалга оширилган илмий тадқиқотларни яратиш ва амалиётга жорий этиш ишларига қўшган камтарона меҳнатимнинг натижасига холисона берилган баҳо эканлигини кўнгилдан ўтказдим. Бундан руҳланиб бир қатор ниятларни ҳам амалга оширишни шахсий режамга киритдим.

Ҳа, инсоннинг бахти Ватанида, унга сидқидилдан хизмат қилишда. Шу боис олим Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ҳозирги филология илмини ривожлантириш учун келгусида бир қатор режаларни амалга ошириш ниятида тинмай изланмоқда. Хусусан, адабиёт ва фольклор намуналарини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этишда бир гуруҳ шогирдлар билан ҳамкорликда  истиқболли йўналишларда иш олиб боряпти.

Дарвоқе, устознинг оиласини том маънода зиёлилар оиласи десак бўлади.  Умурзоқ Жуманазаровнинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Эргашевна она тили ва адабиёт ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси, ҳозирда нафақада. Катта қизи Гулжаҳон филология фанлари доктори, профессор,  иккинчи қизи Дилноза педагогика фанлари номзоди, доцент. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам университетда ишлайди. Ўғли Умиджон эса педагогика фанлари доктори, профессор, Самарқанд давлат чет тиллари институтида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида ишламоқда. Тўнғич келини Фотимахон эса Тошкент фан ва технологиялар университетида педагог, у ўзининг илмий тадқиқот ишини якунлаш арафасида. Невараларининг тўнғичи Моҳинур ҳам оила анъаналарини давом эттириш мақсадида Тошкент шарқшунослик университетининг япон-инглиз йўналишини тугатиб, ўз фаолиятини журналистика соҳасида давом эттирмоқда. У ҳам илмий иш билан  шуғулланаяпти.

Дарҳақиқат, фидойи олимнинг ўз юртига, Ватанига, халқига меҳри ва садоқати унинг бетиним илмий изланишларида, сермашаққат тадқиқотларида мужассам. Ана шу жиҳатлар, фаолияти бугунги ёш авлод ва олимлар учун ҳар қанча ибрат бўлишга арзигуликдир. 

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *