ҒАЙРАТЛИ КЕКСАЛАР ЁШЛАРГА ЎРНАК

Спорт умрни узайтирувчи энг самарали “дори” ҳисобланади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида юртимизда нафақат ёшлар, балки кексалар ҳам кенг жалб қилинмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Камбағалликдан фарвонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан республикамизнинг барча ҳудудларида 60 ёшдан ошган нуронийлар иштирокида оммавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Унга кўра, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, вилоят оила ва хотин-қизлар, спорт бошқармалари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва ёшлар ишлари агентлигининг қўшма қарори қабул қилинди. Белгиланган низомга асосан “Ғайратли кексалар” спорт мусобақаларининг ўтказилиши, яъни, спортнинг мини футбол, белбоғли кураш, шашка ва шахмат спорт турлари бўйича беллашувлар  ташкил этилиши белгиланди.

Жиззах политехника институтида мини футбол бўйича мусобақанинг вилоят босқичида шаҳар ва туманлардаги 309 та маҳаллаларда ўтказилган ўйинларда ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоа майдонга тушишди. 

-Июнь ойида туманимиздаги 12 та маҳаллада истиқомат қилувчи нуронийлар ўртасида саралаш ўйинлари ўтказилди. Унда ғолиб бўлган жамоамиз руҳан ва жисмонан аъло кайфиятда бугунги ўйинга келишди. Бу каби тадбирлар кексалар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларга ўрнак бўлишга хизмат қилади. Биз нуронийларни ҳамиша соғлом турмуш тарзига жалб қилиб боришимиз зарур. Бунинг учун улар билан стол тенниси, югуриш, турникда тортилиш, пиёда юриш ва бадантарбия машғулотларини мунтазам ўтказиб боряпмиз, – дейди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Дўстлик тумани бўлими мутахассиси Ўктам Темиров.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг ҳакамлари томонидан қуръа ташлаш йўли билан ўйинлар тартибига аниқлик киритилганидан сўнг босқичма босқич жамоалар майдонга тушишди.

Иссиқ об-ҳавога қарамасдан иштирокчилар эпчилликда ёшлардан қолишишмади. Ўйин жараёнларида кекса авлод вакилларининг саломалигини муҳофаза этишга тажрибали тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари жалб этилди. 

Мини футбол мусобақасининг якуний натижаларига кўра, 3-ўринни Зафаробод туманидаги Чўлигулустон маҳалласи жамоаси, 2-ўринни Зомин туманининг Беруний маҳалласи жамоаси, 1-ўринни Ғаллаорол туманидаги Ғофур Ғулом маҳалласи жамоаси эгаллашди. Ғолиб жамоа аъзолари мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритиб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

 “Ғайратли кексалар” беллашувининг навбатдаги босқичи 1 августдан 10 августгача туманларда спортнинг белбоғли кураш тури бўйича ўтказилади. Унда нуронийлар ўртасида саралаш мусобақалари бўлиб ўтади. 10 сентябрдан 20 сентябргача эса спортнинг шахмат ва шашка тури бўйича саралаш беллашувлари ўтказилиши белгиланган. Унда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар иштирок этишади.  

Шаҳноза МАНСУРОВА

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *