11 октябрь — Халқаро қизлар куни олдидан
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида “Даврага кел, дугонажон” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда воҳамизнинг умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ҳамда шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчи-қизлар 4 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

– Мазкур танловнинг асосий мақсади ўқувчи-қизларнинг муомала маданиятида, кийиниш одобида, ўзлигига, миллий урф-одатларга ҳурмат руҳини юксалтиришдир. Қолаверса, уларнинг илм-фанга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ошириш орқали эрта турмушнинг олдини олиш, оилавий қадриятлар ҳақидаги тушунчаларини маънан бойитиш назарда тутилган, — дейди иштирокчиларга омад тилаб, танловни очиб берган вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова.

Дарҳақиқат, иштирокчи қизларнинг нафақат миллий одатларимиздан қанчалик хабардор эканлиги балки, уларнинг умуминсоний фазилатларни акс эттиргувчи фикр-мулоҳазаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолибликка муносиб кўрилган заковатли, истеъдодли ва чаққон иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.