Мактаб таълимига қаратилаётган катта эътибор сабаб таълим масканлари босқичма-босқич таъмирланиб, замонавий ўқув технологиялари билан таъминланаяпти. Эътиборлиси, ўтган ўқув йилидан бошлаб ҳатто олис ҳудудларда ҳам чет тилларни ўқитишга хорижлик мутахассислар жалб этилаяпти. Мисрлик Аҳмед Сами Ибраҳим Абделраҳман ана шундай устозлардан.
У жорий ўқув йили бошидан буён Шароф Рашидов туманидаги 13-сонли мактабда инглиз тилини чуқур ўқитиш бўйича фаолият олиб бораяпти. Бунга қадар 27 ёшли устоз Эквадор, Боливия, Колумбия, Туркия, Ҳиндистон каби давлатларда инглиз тили ўқитувчиси сифатида тажриба тўплаган. Helwan университетида молия-бизнес бошқаруви, Cambridge инглиз тили таълим дастурларини тамомлаган Абделраҳман инглиз тили ўқитувчиси Шоҳисломбек Сайдалиев билан ҳамкор устоз сифатида дарс жараёнида қатнашади.
-Менга таълимга “ақлли”технологияларнинг жорий этилгани жуда маъқул бўлди, – дейди у. – Улар ёрдамида дарсни қизиқарли ва интерактив ташкил этиш имкони бор. Мактаб жиҳозларининг янги ва сифатлилиги, бинонинг чиройли таъмирлангани ҳам эътибордан четда қолмайди. Ўқувчиларнинг одоби жуда яхши, айниқса, қизлар тиришқоқ ва масъулиятли. Менга шаҳрингиздаги яшиллик, осойишталик ва тартибли транспорт қатнови жуда маъқул келди.

Хорижлик мутахассис 14 нафар инглиз тили ўқитувчиси билан мастер-дарслар ташкил этади. Ўқувчиларнинг сўзлаш, тинглаш кўникмасини ошириш, талаффузини яхшилашга катта эътибор қаратади. “Фақат ўргатиш эмас, балки ўрганадиган жиҳатларим ҳам кўп экан”, дейди у.
Жорий ўқув йилида Абделраҳман сингари 35 нафар хорижлик ўқитувчи вилоятимиз мактабларида иш олиб бориши кутилмоқда.
-Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига Финландия тажрибасини жорий этиш ва хорижий тилларни ўқитиш учун чет эл фуқароларини жалб этиш орқали таълим сифатини ошириш мақсадида ўтган ўқув йилида 12 нафар мутахассис жалб этилган эди. Бу йилги талаб бундан бир баравар ортиқ, – дейди вилоят ММТБ хорижий тилларни оммалаштириш шуъбаси бошлиғи Хуршида Раҳматова. – Бугунга қадар уларнинг 12 нафари фаолият бошлашди. Мутахассислар Филиппин, Миср, Россия давлатларидан бўлиб, улар Зомин, Бахмал, Дўстлик, Мирзачўл, Зарбдор, Шароф Рашидов туманлари, Жиззах шаҳрида ишлашмоқда.
Хорижлик ўқитувчилар билан жонли мулоқот давомида ўқувчи ва устозларнинг тил кўникмалари ривожланиш баробарида маданий алмашув ва таълим тажрибаси ҳам ошиб боради. Тизимдаги бу янгиликлар «Ўзбекистон-2030» стратегиясидаги аҳоли талаби ва халқаро андозаларга жавоб берувчи таълим тизимини яратиш мақсадларига хизмат қилади.
Муқаддас САПАРОВА.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).