ЎЗБЕК ТИЛИ БАРЧАМИЗНИ БИРЛАШТИРАДИ

1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Қонун, ҳеч шубҳасиз, фавқулодда муҳим тарихий воқеа, истиқлол йўлида ташланган дадил қадам, икки йилдан кейин келадиган улуғ Мустақиллик йўлидаги улкан асос эди.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остида нишонланаётган мазкур сана яна бир бор она тилимизнинг беқиёс аҳамияти, тарихий қадр-қимматини кўз олдимизда намоён этди. Вилоятимизда ҳам шу кун муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда миллатимизнинг юраги, руҳи, том маънода жони ҳисобланган она тилимизни асраш ҳақида сўз юритилди.

Шароф Рашидов туман ихтисослаштирилган мактабида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 37 йиллиги муносабати билан “Она тилим, буюкликда энг баланд тоғсан!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир айниқса юқори синф ўқувчиларида катта таассурот қолдирди. Унда шоирлар, соҳа мутахассислари, ўқитувчи ва ота-оналар иштирок этди. Шунингдек, мазкур сана доирасида очиқ дарслар, турли кўрик-танловлар ва учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, иншолар кўрик-танлови, “Эртаклар –яхшиликка етаклар” театрлаштирилган саҳна кўринишлари, “Оммавий диктант” тадбирлари ташкил этилиб, унда фаол қатнашган ва ғолиб бўлган ўқувчилар рағбатлантирилди. Бу каби қўллаб-қувватлаш ёш авлоднинг ўз она тили, миллати, Ватанига бўлган ҳурматини оширишга хизмат қилади.

– Она тили ҳар бир миллатнинг маданияти, урф-одатлари, унинг тараққиётини кўрсатувчи ойна, десак муболаға қилмаган бўламиз,– деди шу мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Санобар Сафарова. –Тили ривожланмаган элнинг руҳида юксалиш бўлмайди, у ўзлигидан, миллийлигидан тобора узоқлашаверади. Миллий тил худди байроқ, мадҳия, герб каби қадрли ва азиз. Унда ҳар бир миллатнинг руҳи, дунёқараши акс этади.

Ўзбек тили байрами куни тадбирлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда  давом этаётир.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *