КИМЁВИЙ ТАОМЛАР ҲАҚИДА

Супермаркетларга кирсанг кўзинг қувнайди. Барчасининг кассалари олдида чиройли қадоқланган “Галина Бланка”, “Магги”, “Кнорр” ва шу каби номда ишлаб чиқариладиган “сеҳрли” кубикчалар териб қўйилган бўлади.

Уларнинг супер ва мини маркетларда пайдо бўлганига ҳам 15-20 йил бўлди. Кубикчаларнинг рекламасида, тезда тайёрланишига (вақт тежалади) ва арзонлигига (маблағ тежалади) асосий урғу берилади. Бу каби алдовларга учган хўрандалар кубикчаларни беихтиёр харид қила бошлайди.

Бульон кубикчалари ихтирочиси Юлиус Магги ҳисобланади. У 1883 йили шаҳарнинг гўшт сотиб олишга қурби етмайдиган камбағал қатлами учун маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган. Магги асос солган компания рекламачилари ҳаракатлари беиз кетмаган. Қисқа муддат ичида Европанинг деярли барча мамлакатларида унинг заводлари тармоғи фаолият кўрсата бошлаган. Биринчи ва иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳарбийларни овқатлантиришдаги қулайлиги ва арзонлиги сабаб Магги кубиклари янада машҳур бўлиб кетган.

Ривожланган мамлакатлар компаниялари кубикларни уч турда ишлаб чиқарадилар: ички бозор учун, тараққий этган мамлакатларга экспорт учун, дунёнинг учинчи (ночор) мамлакатлари учун. Маҳсулотлар рекламасида “холестеринсиз”, “Без ГМО” иборалари уларнинг табиий эмаслигининг биринчи исботи ҳисобланади. Чунки ҳайвон масаллиқларидан тайёрланадиган ҳар қандай маҳсулот таркибида холестерин моддаси маълум миқдорда бўлади.

Ундан ташқари маҳсулот герметик қадоқланмайди ва сақланиш муддати 2 йилни ташкил этади. Шундан ҳам маълумки, маҳсулот таркибида микроорганизмлар таъсирида сифати бузиладиган ҳеч қандай масаллиқ йўқ!

Нимагадир барча ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ёрлиғида ҳақиқий гўшт ва сабзавотлар бўлакчаларини расмларини беришади. Хитойда ишлаб чиқариладиган “Доширак” лапшаси ёрлиғида маҳсулот таркиби ўқиб бўлмайдиган даражадаги майда ҳарфлар билан ёзилган. Шу каби “кимёвий таом”ларнинг барчасида маҳсулотнинг таркибидаги оқсил, ёғ, углеводлар миқдори ҳақида маълумотлар бўлгани ҳолда, нимагадир (балки, умуман бўлмагани учун!) маҳсулотнинг минерал таркиби ва витаминлар миқдори кўрсатилмайди. Маҳсулот ёрлиғидаги маълумотлар ва ҳақиқий таркиби бир бирига мос келмаганлиги сабабли бу каби маҳсулотларни истеъмол этишни тавсия этмаган бўлар эдик.

Доширак лапшаси тайёрлашда дунёдаги энг арзон ва энг сифатсиз ҳисобланган пальма ёғи, соя уни, чўчқа суяги кукунидан фойдаланилади. Лапша учун упадек майин тортилган буғдой унидан фойдаланилади. Бу каби ундан тайёрланган маҳсулотлар организм томонидан тез ўзлаштирилади ва яна талаб этилади. Демак, нафсни қондириш учун яна битта Доширак лапшаси лозим бўлади.

Бир зумда тайёрланадиган концентрланган таомлар биологик қиммати нуқтаи назардан табиий маҳсулотлар билан ҳеч қачон тенглаша олмайди. Масалан, парранда гўшти милдиратиб қайнатилса биологик қимматли таом шўрва тайёрланса, кубикчаларни қайноқ сувда эритиб тайёрланган “шўрва”да ҳеч қандай калория бўлмайди.

Али АХМЕДОВ,

озиқ-овқат технологи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *