Қозоғистон аҳолиси 20 миллионга етди. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
“Қозоғистон аҳолиси 20 миллионга етди! Юртдошларимни ушбу муҳим воқеа билан табриклайман! Бахтли оила – миллат фаровонлиги, барқарор тараққиётининг пойдевори. Давлат оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни давом эттиради”, — деб ёзган давлат раҳбари X’даги саҳифасида.
Миллий статистика бюроси хабарига кўра, беш нафар бола Қозоғистоннинг 20 миллионинчи аҳолиси бўлган. Улар шу йилнинг 14 ноябрда туғилган. 20 миллионинчи фуқаронинг туғилган санаси барча мавжуд демографик маълумотларни, масалан: туғилганлар ва ўлимлар сони, Қозоғистонга келганлар ва ундан чиқиб кетганлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланган.
“Аҳоли маълумотлар базасига кўра, 2023 йил 14 ноябрь куни эрталаб соат 8:10 да туғилган 5 нафар бола мамлакатнинг 20 миллионинчи аҳолиси бўлди. Қозоғистоннинг юбилей фуқаролари Улитау ва Жетису, Атирау, Акмола ва Туркистон вилоятларида туғилган. Уларнинг 3 нафари ўғил ва 2 нафари қиз болалардир”, — дейилади хабарда.
Илгари мамлакатда аҳоли тўғрисидаги маълумотлар қўлда қайта ишланар эди ва бу жуда кўп вақтни олади. Давлат ахборот тизимларининг интеграциялашуви бу жараённи тезлаштириш ва 20 миллионинчи фуқаронинг туғилган санасини жуда аниқ ва қисқа муддатларда аниқлаш имконини берди.
Қайд этилишича, Қозоғистоннинг 19 миллионинчи фуқароси бундан 2 йил аввал август ойида дунёга келган.