ЎҒРИЛИК ВА ЖАЗО

— Ўғриланган мулк қиймати нимага қараб белгиланади? Ўғриликка қандай жазо тайинланган?

С.Ортиқова.

-Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк мутлоқ дахлсиз бўлиб,  давлат томонидан қўриқланади.  Ўғрилик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Жиноят субъекти 14 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.

       Ўғриланган мулкнинг миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда республикада амалда бўлган белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ўғриланган мулкнинг қийматини аниқлаш ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланади.

       Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғрилик жинояти учун жазо чоралари белгиланган. Ўғрилик жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);  анча миқдорда;  бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;  уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса,  базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар у такроран ёки хавфли рецидивист томонидан компьютер тизимига рухсатсиз кириб;  кўп миқдорда;  нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса,  беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Жуда кўп миқдорда; ўта хавфли рецидивист томонидан;  уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Саволга жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди раиси Муҳаммади Жўраев жавоб берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *