Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида давлатимиз раҳбари томонидан яна бир муҳим ҳужжат имзоланди. Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар фуқаронинг афв этилиши уларнинг ҳаётига, оиласига беҳад хурсандчилик олиб кирди.
-Жиззах вилоятидан 24 нафар жазо муддатини ўтаётган шахс мазкур рўйхатга киритилди. Уларнинг катта қисми жазодан озод этилган бўлса, 4 нафарининг жазо муддати қисқартирилди. 20 нафар маҳкумнинг 13 нафари жазони ижро этиш муассасасидан, 7 нафари пробация ҳисобидан озод этилди, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ Пробация бўлими бошлиғи Ж.Алиқулов.

Яшаш хонадонига етиб келган афв этилганларнинг яшаш шароити, муаммолари ўрганилиши бошлаб юборилди. Хусусан, улар аввало тиббий кўрикдан ўтказилди. Туманлар ИИБ бошлиқлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли идора ва такшилотлар билан иш олиб борилмоқда. Афв этилганлар ҳудудий Камбағалликни қисқартириш ва бандлик марказларида иш излаётган шахс сифатида рўйхатга олинди ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш чора-тадбирларига жалб этилди. Ҳар бирларига маҳалла фаоллари мураббий сифатида бириктирилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, оила аъзолари билан бирга турли маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш каби ишлар уларнинг қайта жиноят содир этишига сабаб қолдирмаслик мақсадида амалга оширилаяпти.

Жумладан, Зарбдор туманида истиқомат қилувчи озодликка чиқарилган 4 нафар фуқаро билан туман ҳокими бошчилигида масъул раҳбарлар учрашуви ўтказилди. Афв этилган фуқароларнинг ҳаётга қайта мослашуви, жамиятга интеграцияси, уларни доимий иш билан таъминлаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида масъул ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Мазкур жараён инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодаси бўлиб, яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, янги ҳаёт бошлаш учун замин яратади. Ҳаётда бир маротаба адашиб, жиноят йўлига кирган юртдошларимизнинг қайтиб бу йўлга қадам босмаслиги учун давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ишлар давомли ва тизимли тарзда олиб борилади.
Адҳам ШЕРМАМАТОВ,
Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ Пробация бўлими Ахборот технологиялари гуруҳи катта мутахассиси.