“Навоий саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки дирекцияси Зомин филиали ҳудудида барпо этилаётган кенг турдаги маиший техника воситалари ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Янги барпо этилаётган корхонада 1 млн донадан совутгичлар, ярим автомат кир ювиш машиналари, телевизорлар, электр сув иситкичлар, бутловчи қисмлар, қадоқлаш маҳсулотлари ва картон қутилар тайёрланади.
Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондаги заводлар учун бутловчи маҳсулотлар шу ердан етказилиб берилади. Аrtel, shivaki, royal, avalon, vesta, samsung каби машҳур брендларнинг маҳсулотлари шу ерда йиғилади. Янги корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 320 млн долларни ташкил этади. Завод давлат бюджетига йилига 350 миллиард сўм тушум қилади. Ички бозорга 180 млн, экспортга эса 140 млн долларлик маҳсулотлар йўналтирилади. Биринчи босқичда 1700 та янги иш ўрни яратилади.
Зомин технопаркида совутгичлар, газ плиталар, металл конструкциялар, дренаж тармоқлар учун қувурлар, алюмин профиллар, шамол парраклар, бетон кўприклар ва йўл ўтказгичлар, буғдойдан оқсил ва этанол ишлаб чиқариш каби тўққизта лойиҳа амалга оширилади. Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар мазкур лойиҳа ишга туширилади. Натижада 42 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади. 500 та янги иш ўрни яратилади. 60 млн долларлик 200 минг дона маҳсулот биринчи босқичда ишлаб чиқарилади. МДҲ давлатларига 20 млн долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан 45 фоизга етказилади.