Бугунги давр ҳуқуқшунос олдига янги ва мураккаб саволларни қўймоқда. Энди масала фақат қонунларни билишда эмас, балки сунъий интеллект, рақамли кузатув, алгоритмик қарорлар, шахсий маълумотларнинг чегарадан ташқарига чиқиши ва инсон ҳуқуқларига таъсирини чуқур англашда ҳамдир. Айнан шу жиҳатдан Азиза Ражабованинг илмий ва профессионал йўналиши алоҳида эътиборга лойиқ.
Азиза Ражабова ўз фаолиятида халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, data privacy ва сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларни бир нуқтада бирлаштира олган ёш мутахассислардан бири сифатида ажралиб туради. Унинг изланишлари шунчаки умумий назарий қизиқиш эмас, балки бугунги глобал ҳуқуқий муҳит учун долзарб бўлган масалаларга қаратилган изчил профессионал йўналишдир.
Азизанинг мустаҳкам ҳуқуқий тайёргарлиги 2018-2022 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро ҳуқуқ йўналишида таҳсил олган давридан бошланади. Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирида олган ушбу таълим унга халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ, халқаро оммавий ҳуқуқ ва Европа Иттифоқи ҳуқуқи каби фундаментал йўналишларда пухта асос берди. Талабалик давридаёқ у фақат билимли талаба сифатида эмас, балки ташаббускор, етакчиликка мойил ва ҳуқуқий тафаккурини амалий фаолият билан бойитишга интилувчи ёш сифатида кўзга ташланди.
2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг юридик-консуллик йўналишидаги амалиёти эса унинг касбий шаклланишида муҳим босқич бўлди. Фуқаролар ва элчихоналар билан боғлиқ мурожаатлар, ҳуқуқий йўналтириш ва амалий ҳуқуқий жараёнлар билан ишлаш унга халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳаёти билан қанчалик чамбарчас боғлиқ эканини янада чуқурроқ англаш имконини берди. Унинг кейинги профессионал босқичи АҚШдаги таълими билан боғлиқ. 2022-2023 йилларда у Penn State университетида ҳуқуқ бўйича магистратура таҳсилини олди. Топ 100 таликда тилга олинадиган ва Research 1(Р1) мақомига эга нуфузли университетда салмоқли стипендия асосида таълим олгани унинг академик салоҳияти юқори баҳоланганини кўрсатади. Магистратура босқичида у адвокатура ва суд муҳокамалари, арбитраж, воситачилик ва музокаралар, конституциявий ҳуқуқ ва фуқаролик ҳуқуқлари каби йўналишларда билимини мустаҳкамлаб, ўз профессионал қарашларини халқаро ва замонавий ҳуқуқий майдонга олиб чиқди. АҚШдаги ҳуқуқий тайёргарлиги фақат таълим билан чекланиб қолмади. 2023 йил 19 октябрда Пенсилвания штати кўчмас мулк имтиҳонини муваффақиятли топширгани, шунингдек, New York UBE, NYLE va MPRE каби мураккаб юридик имтиҳонлардан муваффақиятли ўтгани унинг назарий билимлари билан бир қаторда амалий тайёргарлиги ҳам юқори даражада эканини кўрсатади. Бундай натижалар ҳуқуқшуносдан чуқур билим, мантиқий таҳлил, интизом ва қатъият талаб қилади.
Бугунги кунда Азиза Ражабова Нью-Йорк шаҳрининг энг нуфузли ҳудудларидан бири — Манҳеттанда жойлашган юридик фирмада фаолият олиб бормоқда. Дунёнинг энг муҳим ҳуқуқий, молиявий ва бизнес марказларидан бири бўлган Манҳаттенда ишлаш профессионал тайёргарлик, тезкор фикрлаш ва юқори масъулиятни талаб этади. Азизанинг айнан шундай муҳитда фаолият юритаётгани унинг замонавий ҳуқуқий амалиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Азизанинг инсон ҳуқуқлари, шахсий маълумотлар дахлсизлиги, сунъий интеллектнинг ҳуқуқий оқибатлари, ижтимоий тармоқларда маълумотлар хавфсизлиги ҳамда кўчмас мулк соҳасида мижоз маълумотларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари юзасидан қатор мақолалари чоп этилган. Унинг “The Impact of AI on Human Privacy and Freedom Rights,” “Navigating Legal Data Privacy Risks in Real Estate Transactions: Safeguarding Client Data through Robust Data Protection Measures,” “Social Media Influencers and Data Privacy: Legal Obligations and Responsibilities,” hamda “Safeguarding Privacy in a Connected World: the Legal Imperatives of Data Privacy in International Law каби мақолалари замонавий рақамли дунё ва фундаментал ҳуқуқлар ўртасидаги мураккаб боғлиқликни ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳлил қилиши билан аҳамиятлидир.
Айниқса, унинг шахсий маълумотлар дахлсизлиги масаласига ёндашуви эътиборга лойиқ. У шахсий маълумотлар ҳимоясини фақат техник ёки ички ҳуқуқий масала сифатида эмас, балки халқаро ҳуқуқ, инсон қадр-қиммати ва давлатлараро жавобгарлик билан боғлиқ мураккаб ҳуқуқий майдон сифатида кўради. Унинг фикрича, бугунги рақамли даврда маълумот бир давлат ҳудудида тўпланиб, бошқа давлат серверларида қайта ишланиши ва учинчи давлатдаги фойдаланувчига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис дата приваcй энди фақат маҳаллий тартибга солиш билан чекланмайди — у халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, умумий стандартлар ва кучли жавобгарлик механизмларини талаб этадиган йўналишга айланмоқда.
–Бугунги кунда шахсий маълумотлар оддий ахборот эмас, улар инсоннинг эркинлиги, хавфсизлиги ва қадр-қиммати билан бевосита боғлиқ,– дейди Азиза Ражабова. –Маълумотлар бир мамлакат чегарасида қолмаётган бир пайтда, шахсий маълумотлар дахлсизлиги масаласига ҳам фақат битта давлат доирасида қараш етарли эмас. Сунъий интеллект, рақамли платформалар ва трансчегаравий маълумот оқими шуни кўрсатадики, келажак ҳуқуқшунослари халқаро стандартлар, инсон ҳуқуқлари ва технологик жавобгарликни биргаликда ўйлаши керак.
Жиззахлик ёш ҳуқушуноснинг яна бир муҳим қараши шундаки, сунъий интеллектни тартибга солиш фақат инновацияни чеклаш ёки рағбатлантириш масаласи эмас. Бу, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласидир. Алгоритмик хатолар, махфийлик бузилиши, шаффоф бўлмаган қарорлар ва рақамли профилинг каби ҳодисалар ҳуқуқшунослардан янги ёндашув талаб қилмоқда. Азиза Ражабованинг илмий ишлари айнан мана шу мураккаб саволларга ҳуқуқий жавоб излашга қаратилгани билан аҳамиятли. У билан мулоқот давомида энг аввало бир нарса яққол сезилади: у ўз йўналишини аниқ топган ёш ҳуқуқшунос. Унинг фаолиятида мустаҳкам ҳуқуқий таълим, халқаро академик тажриба, мураккаб профессионал имтиҳонлардан ўтганлик, амалий иш тажрибаси ва замонавий ҳуқуқий муаммолар бўйича изчил илмий изланиш бир нуқтада туташади. Айнан шу уйғунлик уни оддий биографик қаҳрамон эмас, балки ўз соҳасида эътибор қозонаётган мутахассис сифатида кўрсатади.
Бугун Азиза Ражабова қиёфасида халқаро ҳуқуқий тафаккур, илмий қизиқиш, профессионал интизом ва замонавий ҳуқуқий муаммоларга нисбатан чуқур масъулият уйғунлашган. Бу эса унинг номи нафақат ёш ҳуқуқшунос сифатида, балки шахсий маълумотлар дахлсизлиги, сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари кесишган мураккаб йўналишда шаклланаётган профессионал овоз сифатида ҳам тилга олинаётганини англатади.
Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.