ҲАР БИР МАҲАЛЛА ЭКОЛОГИЯ ИНСПЕКТОРЛАРИГА БИРИКТИРИЛДИ

Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида “Маҳалла – ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг устуни” шиори остида семинар ўтказилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбир вилоят Экология бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси ҳамкорлигида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган янги вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Семинарда вилоят Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари масъул вакиллари, санитар тозалаш корхоналари раҳбарлари, “ZOOM” платформаси орқали туманлардаги маҳалла раислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда маҳалла аҳолисининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, санитар тозалаш хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда фуқароларнинг экология соҳасидаги мурожаатларига ўз вақтида ечим топишга қаратилган аниқ иш режалари маълум қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 343-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла ва экология” концепцияси ишлаб чиқилди, – деди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Ушбу концепция доирасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорлик битими имзоланиб, вилоятдаги 304 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди 60 нафар экология давлат инспекторига бириктирилди.

Маълум қилинишича, давлат инспекторлари маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда бириктирилган ҳудудларни хатловдан ўтказиб, ҳар бир маҳалланинг экологик паспортини ишлаб чиқишган. Шунингдек, маҳалла ҳудудларидаги саноат корхоналари, чиқинди ташиш шохобчалари, санитар тозалаш хизматлари, яшил ҳудудлар ҳолати, ер ва сув ресурслари ҳамда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш кўрсаткичлари ўрганилган.

Ҳар бир маҳаллада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида МФЙлар ва экология давлат инспекторлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик битимлари тузилиб, устувор вазифалар аниқ режа-графиклар асосида белгилаб олинган. Режа асосида инспекторларнинг маҳаллаларда ҳафтанинг белгиланган кунларида фаолият олиб бориши йўлга қўйилди.

Тадбирда сўзга чиққан масъул раҳбарлар мазкур ҳамкорлик механизми маҳаллалардаги кўплаб экологик муаммоларни ҳал этишга хизмат қилишини таъкидлашди.

– Икки бошқарма ўртасида имзоланган меморандум орқали экология ходимлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади, – деди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси бош мутахассиси Абдусаттор Бобобеков. – Маҳаллаларда ҳар ой “Маҳаллани чиқиндидан ҳоли ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар ўтказилиб, аҳолига экологик қонунчилик мазмун-моҳияти тушунтирилади.

Семинар давомида туманлардаги маҳалла раислари томонидан билдирилган муаммолар муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, йўл ёқаларида ва ҳеч қандай  балансга киритилмаган кўп йиллик дарахтлар ҳамда янги экилган кўчатларни тегишли ташкилот ёки хонадонларга бириктириш масаласи кўтарилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат инспекторларининг маҳалладаги фаолиятини назорат қилувчи электрон платформа жорий этилди. У орқали ишлар бошқарманинг аналитик марказида мунтазам кузатиб борилади. Самарасиз фаолият олиб борган инспекторларга нисбатан меҳнат қонунчилигига мувофиқ интизомий чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди.

Семинар якунида амалга оширилаётган мазкур тизимли ишлар келгусида маҳаллаларда яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш, обод ва фаровон ҳаёт муҳитини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *