Жамиятларнинг 2023 йилги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни (пахта толаси, техник чигит, пахта ёғи, шрот ва шелуха) тасдиқланган режа-графикларни биржа сайтига ўрнатилган тартибда жойлаштириши ва кўрсатилган муддатларда ва ҳажмларда биржа савдоларига қўйиб борилиши Рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан доимий назоратга олинган.
Афсуски, бошқарманинг огоҳлантириш хатига ўз вақтида жавоб бермаганлиги учун “SILVERLEAFE”, “SANGZOR-TEXTILE”, “JIZZAX KENTEKS”, “SEMRUG‘ CLUSTER”, “Мирамиллер”, “АKBAR OIL BARAKA”, “АZIZBEK MAXSUS EXPRESS”, “МIRZACHUL AGROKLASTER GROUP”, “AGRO ELEGANT KLASTER”, “Искандар-дон-2020” ва “ЖИЗЗАХ ЁҒ-МОЙ” МЧЖларга Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига асосан молиявий санкциялар қўллаш учун ҳудудий бошқарма томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва ҳар бир хўжалик юритувчи субъектларга 17 млн. сўмдан иқтисодий жарима қўллаш юзасидан қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида “Жиззах индустриал тўқима” ва “SEMRUG‘ CLUSTER” МЧЖлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18-мартдаги “Товар хом ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 31-банди талабларига риоя қилинмаганлиги учун “Жиззах индустриал тўқима” МЧЖ 139,8 млн. сўм ва “SEMRUG‘ CLUSTER МЧЖ 131,4 млн. сўм миқдорида жаримага тортилди.
“SANGZOR-TEXTILE” МЧЖ томонидан кўрсатма ўз вақтида бажарилиб, белгиланган жами 34. млн сўм жарима ихтиёрий равишда тўлаб берилди. Қолган жамиятлар кўрсатмани ўз вақтида бажармаганликлари сабабли тегишли судларга даъво аризалари киритилди. Шунингдек, туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорларига асосан 3 та мансабдор шахсларга маъмурий жарималар қўлланилди.
Олимжон ҚУЛМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Рақобат
қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий
бошқармаси бош мутахассиси.