БОЛАЛАР МЕҲНАТИ: ҚОНУН НИМАЛАРГА РУХСАТ БЕРАДИ?

Ёзги таътил давомида кўплаб мактаб ўқувчилар вақтини мазмунли ўтказиш, янги тажриба орттириш ёки шахсий эҳтиёжлари учун даромад топиш истагида бўлишади. Ота-оналарнинг кўпчилиги болаларни меҳнатга ўргатишни тарбиянинг бир қисми деб ҳисоблайди. Бироқ ҳар қандай иш болалар учун мумкинми? Қонун бу масалага қандай ёндашади?

Ушбу саволларга аниқ жавоб олиш мақсадида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси юристи Сарвар Бобобековга юзландик.

—Болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш мумкинми?

—Амалдаги Меҳнат кодекси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 15 ёшга тўлмаган болаларни доимий ёки оғир меҳнатга жалб этиш қатъий тақиқланади.

—Бу борада қонуний меъёрлар қандай?

—“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига кўра, ишга қабул қилишнинг умумий ёши 16 ёш этиб белгиланган. Шу билан бирга, 15 ёшга тўлмаган шахслар ҳам айрим ҳолларда меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун ота-она ёки қонуний вакилнинг розилиги бўлиши, бажариладиган иш боланинг соғлиғи ва таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслиги шарт. Давлат ўн саккиз ёшга тўлмаган ишловчи шахсларга ишни таълим билан қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб беришни кафолатлайди.

—18 ёшга тўлмаган болаларнинг қандай ишлар билан шуғулланиши тақиқланади?

—Меҳнат кодексининг 412-моддасига мувофиқ, ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар зарарли ва хавфли бўлган меҳнат турлари, жумладан, ер ости ишларида, тунги кафе ва клублар, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар савдоси билан боғлиқ фаолиятларда меҳнат қилишлари тақиқланади.

Шу билан бирга, улар соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавий-ахлоқий камолотига зарар етказмайдиган енгил ишларга жалб қилиниши мумкин. Хусусан, театр, кино, концерт дастурлари, мода намойишлари ва реклама лойиҳалари каби спорт, маданият ҳамда санъат соҳаларидаги фаолиятларда иштирок этишига йўл қўйилади. Шунингдек, расм чизиш, дизайн билан шуғулланиш, рақамли контент тайёрлаш, болалар блогини юритиш, ижодий танловлар ва турли лойиҳаларда қатнашиш ҳам қонун доирасидаги енгил меҳнат турларига киради.

—Болалар меҳнати учун иш вақтида қандай аниқ чекловлар мавжуд?

—Меҳнат кодексининг 415-моддасига кўра, 15–16 ёшдагилар ҳафтасига 24 соатдан кўп ишламаслиги лозим. Агар бола умумий ўрта таълим муассасасида ўқиётган бўлса, иш вақти ҳафтасига 12 соатдан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, меҳнат фаолияти фақат дарсдан кейинги вақтда ёки таътил кунларида амалга оширилиши мумкин.

Болалар меҳнатига оид талабларни билиш ота-она ва иш берувчи учун жуда муҳим жиҳатдир. Зеро, қонунга амал қилинган жойдагина боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинади, ортиқча кўнгилсизликларга ўрин қолмайди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *