Бахмал – Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин туманлари, Самарқанд вилояти ҳамда Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Умумий ер майдони 1,86 минг километр квадратни ташкил этади. Туман маркази – Ўсмат шаҳарчаси, шунингдек, таркибида 20 дан ортиқ қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, бугунда ҳудудда 180 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Ушбу ҳудуд, асосан, тоғ олди текисликлари ва тоғлардан иборат бўлиб, бетакрор табиатга эга. Бахмалнинг жанубий қисмида Туркистон тоғ тизмаси ва унинг шимолий ғарбида – Моргузар тоғлари жойлашган. Тоғларнинг энг баланд жойи 2600-2700 метрни ташкил этади.
Бахмал туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган жами ер майдони 83 минг 377 гектар, шундан сувли, лалми экин ер майдонлари 32 минг 535 гектарни, боғ ва токзорлар 11 минг 456 (ва бошқа майдонлар 39 минг 386) гектарни ташкил этади.
Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қароридан сўнг тумандаги кўплаб бўш ётган қир-адирларни ўзлаштиришга катта эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда Бахмалда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётир. Жорий йилда туманда 6355 нафар аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлиги таъминланади.
Ўтган 2024 йилда 1544 гектар ер майдони ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 500 гектарни ташкил этаётир.
Ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. 2024 йилда 415,7 гектар ер майдони 628 нафар ёшга ажратилган бўлса, жорий йилда 969 гектар ер майдони 969 нафар ёш йигит-қизларга электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага ажратилиши кўзда тутилган.
Республика бюджетига (контингент) май ойида режага мувофиқ тушум ундириш режаси 9 миллиард 100 миллион сўм қилиб белгиланган бўлиб, 30 май ҳолатига 11 миллиард 700 миллион сўмга ортиғи билан бажарилди.
Маҳаллий бюджетга эса май ойи режасига мувофиқ тушум ундириш режаси 7 миллиард 300 миллион сўм белгиланган бўлиб, 30 май ҳолатига 8 миллиард 300 миллион сўм қилиб уддаланди.
Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан вақтинчалик ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида май ойи режаси 1492 нафар бўлиб, амалда 5342 нафар ёки 358 фоизга бажарилди.
Зоир ЭРГАШЕВ.