Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги пресс-тур 2023-2024 йилларда вилоятимизда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан олиб борилаётган ишлар кўламига қаратилди.Вилоятимизда фаолият юритаётган ОАВ ходимлари дастлаб вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида иш олиб бораётган республика ишчи гуруҳи ҳамда вилоят бош штаби фаолияти билан танишишдан бошланди.
Куз-қиш мавсумида аҳоли турар жойлари, ижтимоий объектлардаги иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2023-2026 йилларда республика ҳудудларида фаолият юритадиган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлашни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўриладиган бўлди.
Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш тизимини жорий этиш мақсадида “йўл харитаси”, республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари объектларнинг иситиш учун талаб этиладиган кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш, ҳар чоракда бажарилган ишларнинг натижадорлигини ўрганиш ва мониторинг қилиб бориш, муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.
—Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 19 сентябридан вилоят штаби тузилиб, 27 октябрдан эса республика ишчи гуруҳи вилоятимизда ўрганишлар олиб бормоқда,—дейди вилоят штабининг масъул ходими Сирожиддин Бердиқулов. —Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимиздаги 3600 та объект ўрганилиб, фуқароларнинг 2700 дан ортиқ мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида Жиззах шаҳри ва туманлар ҳудудларидаги 11 та қозонхоналар фаолият қўрсатмоқда. Шундан 37 та қозонлар ва 20,1 км. иссиқлик тармоқлари мавжуд. Жорий йилги куз-қиш мавсумида қозонхоналар табиий газ ва кўмир ёқилғисига мослаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари Жиззах шаҳрининг Заргарлик, Иттифоқ маҳалласидаги янги барпо этилган қозонхоналар, шунингдек, Жиззах давлат педагогика университети қозонхоналаридаги иш жараёнлари билан танишдилар.
—Вилоятимиздаги 37 та қозонхоналар орқали 17 та ижтимоий соҳа объектлари, 106 та кўп қаватли уйлардаги 4452 та хонадонда истиқомат қилувчи 15582 нафар истеъмолчилар марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланган, — дейди бизга ҳамроҳлик қилган вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбари Зоҳид Раҳмонбердиев. — Давлат дастурига киритилган 2 та янги тежамкор қозонхоналарнинг қурилиши ва таъмирланишига республика бюджетидан 39,4 млрд. сўм маблағ сарфланди.
Ушбу қозонхоналар 4 та ижтимоий соҳа объекти, иттифоқ Заргарлик маҳалласидаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Туркиянинг “MIT” фирмаси технологияси асосида ишлайдиган янги, замонавий қозонхонанинг афзаллиги бу тизимда 40 фоиз табиий газ тежалишига эришилади.
Вилоятимиз бўйича 327 та ижтимоий соҳа объектлари кўмир ёқилғисига мослаштирилиб, давлат-шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш режасига киритилди. Хусусан, 191 та умумтаълим мактаби, 70 та мактабгача таълим ташкилоти, 45 та соғлиқни сақлаш ҳамда 21 та маданият, мусиқа ва спорт муассасалари шулар жумласидан. Пресс-тур иштирокчилари Жиззах “Кўмир таъминот” вилоят филиали омборхонасидаги захиралар, шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги 20-умумтаълим мактаби, 25-сон мактабгача таълим ташкилотидаги кўмир ёқилғисига мослаштирилган қозонхоналарни иситиш тизими ҳолати билан ҳам танишдилар.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)
Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.