ИСТЕЪМОЛЧИ ҲАМИША ҲАҚ

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига ўтган 2026 йилнинг  тўққиз ойи давомида истеъмолчилардан жами 1647 та мурожаатлар келиб тушди.

Келиб тушган ёзма мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда,  895 таси коммунал соҳа, 325 таси савдо ва умумий овқатланиш,   398 та алоқа ва ижтимоий хизматлар ҳамда 29  та реклама ва бошқа соҳаларга тўғри келди.

Амалга оширилган ишлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ  қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Вилоят  ҳудудий бошқармасига  автомобилларни етказиб бериш, харид қилиш, уларга кафолатган сервис хизматлари кўрсатилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, истеъмолчиларнинг қонуний  ҳуқуқлари тикланишига эришилмоқда. 

Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро О.О. “Chery” автосалонидан “Chery tiggo 7 Life” русумли автомашинасини сотиб олиш учун тўлов қилганлиги, автосалон ходимлари 10 кун муддат ичида автомашинани етказиб беришларини маълум қилишганлиги, аммо орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам автомашинани етказиб беришмаганлиги туфайли бизга мурожаат қилиб, тўлов қилган пул маблағларини қайтариб беришда биздан амалий ёрдам сўраган.

Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида  мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилиб, “Chery” автосалони томонидан истеъмолчига 299 млн сўмлик “Chery tiggo 7 Life” русумли автомашинаси етказиб берилиб, мурожаат тўлиқ истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.

Фаррух ЮСУПОВ,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар

 ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

 Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси 

етакчи мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *