ЙИЛНИНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ

Жиззах вилоят мусиқали драма театрида “Гендер тенглик фаоли”, “Йил аёли”, “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоли” миллий танловларининг вилоят босқичи ғолибаларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Вилоятимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол бўлган хотин-қизлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбир очилишида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов сўзга чиқиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар хусусида гапириб ўтди.

Даставвал “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра, йил давомида гендер тенгликни таъминлашда энг яхши натижаларни кўрсатган ҳокимлик, дея Янгиобод туман ҳокимлиги, нодавлат нотижорат ташкилотидан “Қалб нури” маркази, энг яхши ҳудудий ташкилот бўйича Адлия бошқармаси, энг яхши туман (шаҳар) ташкилоти йўналишида Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, тадбиркорлик субъекти сифатида Зафаробод тумани цемент заводи, ОАВдан Пахтакор туманининг “Пахтакор ҳаёти” газетаси жамоалари тақдирланишди.   

– Вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 34 маротаба “Жамиятда гендер тенглигини таъминлаш” мавзусида тадбирлар ва семинар-тренинглар ўтказилди, – дейди вилоят Адлия бошқармаси ходими Ирода Аблакулова. – Туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даврида 214 та ҳужжатлар гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилган бўлиб, ижобий хулосалар берилган. Ҳозирги кунда адлия бошқармаси тизимида ишлайдиган 1 нафар аёл ходим Миллий кадрлар захирасига киритилган бўлиб, доимий тарзда малака ошириш, стажировка ўташи, ўз устида ишлаши ва шахсий ривожланиш режасини бажариши учун шароит яратиб берилган.

Тадбир давомида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, юксак маънавияти ва ибратли фаолияти билан ажралиб турган йил аёллари аниқланди. “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” каби 11 та номинация бўйича ғолиб бўлган хотин-қизлар саҳнага таклиф этилди. Ғолиб иштирокчилар танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.

Тадбир давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова сўзга чиқди ва ишбилармон, барчага ўрнак бўладиган ўзбек аёли тимсолини ўзида мужассам этган “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоллари” танлови ғолибларини эътироф этди. Танлов натижаларига кўра Бахмал туманидаги “Мешкент” МФЙ фаоли Тохирова Маъмура 1-ўринга муносиб деб топилди.

Йил сарҳисобида вилоятимизда қишлоқ хўжалигида етакчилик қилган, пиллачиликда, пахта теримларидаги меҳнаткашлиги, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган ва бунинг ортидан кўплаб ҳамқишлоқларини иш билан таъминлаган бир гуруҳ қишлоқ аёллари ҳам муносиб тақдирланди.   

Танловнинг ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Маданий-маърифий тадбирга мақом ансамблининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ташриф буюрганларга хуш кайфият улашди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *