Жиззах шаҳридаги 6-сонли оилавий поликлиника биносида Жиззах вилоят суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди ҳамкорлигида “Коррупцияга қарши кураш – адолатли жамият пойдевори” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди
Тадбирда Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти, соҳа мутахассислари ва фаол фуқаролар иштирок этишди. Судьялар томонидан коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, унинг илдизлари ва оқибатлари, шунингдек, уни бартараф этишда фуқаролик жамиятининг фаол иштироки муҳимлиги ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, коррупция жамиятда адолат ва ишончни издан чиқаради, бирдамликни парчалайди. Унга қарши курашиш фақатгина давлат ташкилотларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти сифатида қаралиши лозим.
Тадбир давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган миллий ва халқаро ислоҳотлар, қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва давлат дастурлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга судьялар томонидан тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан судьялардан жавоб олиш имконига эга бўлишди.
Бу каби очиқ ва эркин мулоқотлар тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш ва қонун устуворлигига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилди.
М.ЗУЛФИҚОРОВ,
Жиззах вилоят судининг судьяси.