Рамазон ҳайити дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимизда ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказилди. Рамазон ойида республикамиздаги 1765 та масжидда хатми Қуръон ўқилди. Ҳайру эҳсонлар, закотларимиз ва бошқа хайрли амалларимиз туфайли онадан янги туғилган гўдакдек гуноҳлардан фориғ бўлиб, кўплаб савобларни қўлга киритдик, деб умид қиламиз. Кўпчилигимиз Рамазон ойи ва рўза ибодатининг ҳурматидан нафсимизни имкон қадар тарбиялаш, гўзал хулқли бўлиш, ўзгаларга ёрдам бериш каби яхши хислатларга одатлантирдик.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлганимиз каби бу Рамазон аввалгиларидан ўзгача шукуҳда ўтди. Масжидларимизда хатми Қуръонлар жуда файзли бўлди. Ибодатларни ниҳоятда хотиржамлик ва ҳузур билан адо этдик.
Эрта тонгдан масжидлар атрофида байрамона муҳит ҳукм сурди. Миллий қадриятларимизга хос тартиб ва ҳурмат билан масжидларга жам бўлиб, рамазон ҳайити намози адо этилди. Давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайити байрами муносабати билан ҳалқимизга йўллаган табриги барча мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Жиззах шаҳридаги “Қўшчинор” жоме масжидида ҳам ўн минглаб ҳамюртларимиз рамазон ҳайити намозини адо этишди. Ўз ибодатларида мўмин-мусулмонлар томонидан тинчлик, осойишталик, шукроналик учун дуолар қилинди.
—Бу неъматларнинг, тинчликнинг қадрини ушбу муборак ойда мусулмон ўлкалар, айниқса Яқин Шарқда бўлаётган нотинчликлар, низолар мисолида яна бир бор ҳис этдик,—дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Жиззах вилояти вакиллиги матбуот хизмати бош мутахассиси Усмонали Оралов.
Бу йилги муборак Рамазон ойи юртимизда нафақат руҳий покланиш, балки том маънода меҳр-оқибат ва ижтимоий бирдамлик фаслига айланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Вақф” фонди ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги орқали ажратилган 1 триллион сўмдан зиёд маблағ минглаб хонадонларга қувонч олиб кирди. Ушбу кўмак доирасида 700 мингга яқин эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам берилди, ижтимоий реестрдаги 6 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди, жумладан, 667 нафар оғир беморнинг (жумладан, 312 та мураккаб жарроҳлик амалиёти) даволаниши тўлиқ молиялаштирилмоқда. 26 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар учун ташкил этилган хайрия ифторликлари эса халқимизга хос саховат ва олижанобликнинг юксак намунаси бўлди.
Дарҳақиқат, бу йилги Рамазон ойи нафақат моддий кўмак, балки инсоний қадр-қимматни эъзозлаш бўйича ҳам тарихий воқеаларга бой бўлди. Айниқса, йиллар давомида эл хизматида бўлиб келган масжид ходимлари – имомлар, ноиб имомлар, хатмга ўтган қорилар ҳатто фаррош ва қоровулларга ҳам кўрсатилган алоҳида эҳтиром жамиятимизда катта акс-садо берди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илк бор ушбу фидойи инсонларнинг меҳнати юксак эътироф этилиб, уларга кўрсатилган моддий ва маънавий рағбат масжидларимизга файз қўшди. Бу – “Инсон қадри учун” тамойилининг энг чекка ҳудудлардаги оддий меҳнаткашлар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топганининг амалий исботидир. Бундай тарихий эътибор халқимизнинг бирлигини мустаҳкамлаб, шукроналик туйғусини янги босқичга олиб чиқди.
З. КАЛОНОВ.