Маҳалла – ислоҳотларнинг бош мезони сифатида бугун давлат билан халқ ўртасидаги энг ишончли ва яқин кўприкка айланди. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар нафақат шаҳар марказларида, балки юртимизнинг ҳар бир гўшасида, жумладан, Шароф Рашидов туманидаги Мўлканлик маҳалласида ҳам ўз бўй-бастини яққол кўрсатмоқда.
1084 та хонадонда 6603 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллада давлат-хусусий шерикчилиги асосида янги бино барпо этилди. “Учтепа саховати” МЧЖ томонидан қурилган икки қаватли мазкур маъмурий бино ҳудуд ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Илгари маҳалла еттилиги вакиллари аҳоли билан ишлашда қатор техник ва ташкилий қийинчиликларга дуч келган бўлса, эндиликда ҳар бир ходим учун алоҳида ажратилган шинам хоналар, замонавий компьютер жамланмалари ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланган иш жойлари меҳнат унумдорлигини тубдан оширишга хизмат қилмоқда.

– Бундай кенг ва ёруғ шароитлар фуқаролар мурожаатларини тезкор ва сифатли ҳал этиш, маҳаллабай ишлаш тизимининг самарадорлигини таъминлашда асосий омил бўлмоқда, – дейди маҳалла раиси Жамшид Абдувасиев.
Мазкур иншоотнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у нафақат бугунги кун эҳтиёжларини қондиради, балки келажакка йўналтирилган стратегик мақсадларни ҳам ўз ичига олади. Хусусан, 2025 йилда қурилиши бошланган бинонинг иккинчи қаватида келгусида ёшлар учун замонавий ўқув маркази ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу ерда йигит-қизлар турли касб-ҳунарлар, хорижий тиллар ва рақамли технологияларни пухта эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилади.
Бу каби хайрли ташаббуслар Президентимиз томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш ва маҳаллани ижтимоий ўзгаришлар марказига айлантириш ғоясининг ҳаётий ифодасидир. Бугун Мўлканлик маҳалласида қад ростлаган ушбу маскан ҳудуднинг янги драйверига айланиб, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва маҳалла аҳлининг фаровон яшаши йўлида хизмат қилади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).