Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, барча ёш тоифалари бўйича аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда ҳаваскор спорт тадбирлари орқали ёшлар орасидан иқтидорли кадрларни саралаш мақсадида бир қатор тизимли спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланиб улгурди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусида эзгу мақсадлар мужассам. Айни йўналишда 15 миллион аҳолини оммавий спортга жалб этиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 декабрдаги “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, “Маҳалла еттилиги” имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ҳар бир маҳалла аҳолиси ҳудуддаги мавжуд спорт иншоотлари ва мактабларнинг спорт залларида жамоавий спорт турлари билан шуғулланишга жалб қилинади. Бу йўлда маҳаллаларда истиқомат қилувчи 30 ёшдан юқори бўлган аҳоли ўртасида “Маҳалла лигаси” спорт мусобақаларини ўтказиш ғояси юртимизнинг барча ҳудудларида кенг оммалашди.

Вилоят олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ушбу спорт турнирининг вилоят босқич беллашувлари бўлиб ўтди. Унда туман (шаҳар) босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоалар мини-футбол, волейбол, стол тенниси, стритбол, воркоут, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича баҳсларга киришди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими ўринбосарлари Акмал Савурбаев, Гулнора Нормуродова, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Соатов, вилоят прокурори ўринбосари Азиз Эсиргапов, Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Парда Шукуровлар сўзга чиқиб, ғолибларни қизғин табриклади ҳамда келгусида ўтказилажак бу каби ҳаваскор турнирларда янада фаол бўлишга чақирди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)