Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Мирзачўл тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи 29 ёшли Азиза Мардиева ҳам маҳалла кўмагида ўз бизнесини йўлга қўйган ташаббускор аёллардан.
У маҳалла еттилиги кўмагида 30 миллион сўм кредит олиб, шампиньон қўзиқорини етиштиришни бошлади. Дастлабки 40 кун ичидаёқ даромад олишга эришган тадбиркор икки нафар фарзанди бўлишига қарамай, бу фаолиятни оилавий юмушлар билан бирга олиб бориш мумкинлигини таъкидлайди.
Бу ишни бошлагунимга қадар турли йўналишларда ўзимни синаб кўрдим, — дейди Мардиева Азиза. — Ҳатто маҳалламиз ёшлари учун ўқув маркази очиб, уларнинг билим олишига ҳисса қўшганман. Шампиньон етиштиришга қизиқиб, бир йил давомида бу иш билан шуғулланаётганларнинг олдига бориб, тажрибасини ўргандим. Қўзиқоринни парваришлашда ҳарорат ва намликни меъёрида сақлаш, тозаликка риоя қилиш жуда муҳим. Икки нафар фарзандим бор, шунинг учун менга вақтни тўғри тақсимлаш имконини берадиган, даромадли иш керак эди. Бу фаолият мен учун ҳам қулай ҳам истиқболли бўлди.
Тадбиркор аёлнинг ташаббуси давлат сиёсатининг маҳаллабай амалга оширилиши билан ҳамоҳанг. Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–22-сон Фармони билан тасдиқланган давлат дастурида маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, 2026 йилда маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш, қўшимча 100 мингта иш ўрни яратиш, камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллалардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун 5 триллион сўм кредит маблағларини йўналтириш кўзда тутилган. Азиза Мардиеванинг тадбиркорлик фаолияти Президент томонидан 2026 йил 28 августда эълон қилинган еттита миллий дастурнинг маҳаллаларни ривожлантириш йўналиши билан ҳамоҳанг. Маҳалла еттилиги кўмагида кредит олиб, ўз ишини йўлга қўйган тадбиркор аёлнинг тажрибаси маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва оила даромадини кўпайтириш мақсадларига мос келади.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва даромад манбаини яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — Мустақиллик маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Фарида Кулжонова. — Азизага ҳам ўз ишини бошлаши учун кўмак берилди. У доимий икки нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлабгина қолмай, яна маҳалладаги уч нафар фуқарони мавсумий иш билан таъминлади. Асосий мақсадимиз — аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва оилалар фаровонлигини ошириш. Зеро, давлат дастурларининг самараси, аввало, маҳаллаларда яратилаётган янги иш ўринлари, ўз даромадига эга бўлаётган хотин-қизлар ва фаровонлиги юксалаётган оилалар ҳаётида намоён бўлади. Азизанинг ташаббуси эса меҳнат ва тадбиркорлик орқали оилавий фаровонликка эришиш мумкинлигининг амалий намунасидир.
Ойша ИСАҚОВА,
жамоатчи мухбир.