Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати медиа марказида ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Матбуот анжуманида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Нилуфар Асқарова йил давомида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди. Ҳисоботлардан маълум бўлдики, ОИВ инфекцияси республикамизда ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Касалликни халқимиз нафақат дунё бўйича, балки юртимизда ҳам соғлом турмуш тарзига риоя қилмасдан юқтираётганлиги ачинарли ҳолат. ОИВ инфекцияси тарқалишида турмуш ўртоғига садоқат энг муҳим омил эканлиги, касалликнинг олдини олишда фуқаролар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиб туриши зарурлиги мутахассислар томонидан таъкидланди.
– ОИВ инфекциясининг юқиш сабаблари ва касалланиш таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, охирги йилларда хасталикни аҳоли орасида тарқалишида миграция жараёнларининг аҳамияти ортиб бормоқда, –деди Ўзбекистон врачлар ассосиацияси вилоят бўлими раиси, вилоят ОИТСга қарши курашиш марказининг санитария тарғибот врачи Минавар Содиқов. –Хусусан, жорий йилда аниқланган беморларнинг 33 фоизи касалликни чет давлатлардан юқтириб келганлиги аниқланди. Мигрантлар ОИВ инфекцияси билан зарарланиб, ўз уйига, оиласига келганда касалликни оила аъзоларига, асосан турмуш ўртоғига юқтириш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида мигрантлар, уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида тизимли равишда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, чет давлатлардан қайтган фуқароларни ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтишини таъминлаш, ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни улардан бошқаларга юқишининг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни кучайтиришни тақозо этади.
–ОИВ инфекцияси бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти олдида турган долзарб муаммолардан бирига айланган,–деди Нилуфар Асқарова. – Жаҳон миқёсида ушбу инфекциянинг олдини олишга қаратилган буйруқ, чора-тадбирлар, лойиҳалар амалга оширилмоқда. Республикамизда ҳам бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январда “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижроси юзасидан вилоятимизда ҳам кўзга кўринарли ишлар бажарилмоқда. ОИВ инфекциясининг профилактикасида фақат тарғибот ва скрининг текшируви муҳим аҳмиятга эга. Марказнинг 2024 йил 9 ойида вилоят ҳокимлиги томонидан 10 та Ғалларол, Мирзачўл, Ш.Рашидов ва бошқа туманларда профилактик тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллабай чора-тадбир ишлаб чиқилди. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази 2018 йилдан буён маҳаллабай кесимида ишлаб мобил лаборатория билан аҳолини жойларга бориб скрининг текширувидан ўтказмоқда. Шу муносабат билан марказимизга вилоят ҳокимлиги томонидан мобил автолаборатория тақдим қилинди. Бахмал туманида шу кунга қадар 3440 нафар шахс ОИВ, вирусли гепатит Б ва С инфекцияларига бепул скринингга текширилиб, 10 нафар шахсда В ва 6 нафарида С инфекциялари аниқланган. Бундан ташқари ушбу маҳаллалардаги аҳоли орасида, савдо мажмуаларида, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, масжидлар, ФХДЁлар ва аҳоли гавжум жойларда ОИВ инфекцияси ва профилактикасига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилган.
Тадбирда журналистлар, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан мавзу юзасидан қизғин савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.