Пахтакор туманининг Олтинкўл маҳалласи ҳудудидаги умумий майдони 2 гектарлик чўмилиш хавзаси 1967 йилда ташкил қилинган эди. 30-35 йилдан буён фойдаланилмасдан, қаровсиз қолган ҳавзага бугун қайта ҳаёт бахш этилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан аҳолининг кайфиятини кўтариш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, шу билан бирга, хизматлар соҳасини ривожлантиришга янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Бунда бозор хизматлари ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча янги иш ўринларини яратиш имкониятлари мавжуд бўлган ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслари ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 3 млрд сўм маблағ ажратилди.
“Зарбдор тажриба”си асосида “драйвер” лойиҳа сифатида туман маркази ҳудудидаги мазкур чўмилиш ҳавзаси ҳудудга ташриф буюрувчилар ва маҳаллий аҳоли учун қулай жойда жойлашганлигини эътиборга олган ҳолда пляж ер майдони ва қирғоқларида, соҳил бўйи туризм объектларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун истироҳат боғи ва аква парк ташкил этиш лойиҳаси танлаб олинди.
Буюртмачи “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, пудратчи “J-QURUVCHI” МЧЖ томонидан пляжда тўпланган сувни чиқариш, қамишларни ўриб-тозалаш, пляж атрофини тупроқ билан текислаш, қирғоқларини бетонлаш, ёритиш чироқлари, ҳимоя тўсиқлари (панжаралар) ўрнатиш ишлари якунланди. Бугунги кунда пляж атрофида пиёдалар йўлагини (брусчатка) қуриш, пляж ичида текслаш ишлари олиб борилмоқда.
Янги иншоотда 14 та савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари ташкил этилиши натижасида 30 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Мазкур пляж ишга туширилиши натижасида, ҳудудда яхна ичимликлар (кафе-бар), музқаймоқ, умумий овқатланиш (фаст-фуд), интернет кафе ва бошқа хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари ташкил этилиши натижасида кунлик 5 мингдан ортиқ аҳолининг дам олишлари учун шароит яратилади.
СОҲИЛ БЎЙИДА МАСКАН
Самарқанд маҳалласи ҳудудидан ўтган “Жанубий Мирзачўл” канали қирғоқларида соҳил бўйи аҳоли дам олиш маскани ташкил этиш лойиҳасининг инфратузилмасини яхшилаш учун республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2 млрд 825 млн. сўм маблағ ажратилди. Пудратчи “NAVRO’Z QURILISH TA’MIR MONTAJ” МЧЖ томонидан йўлларни асфальтлаш, пиёдалар йўлагини текислаш, шағаллаштириш, бетонлаш, брусчатка ётқизиш ишлари якунланди. 8 дона ўриндиқлар ўрнатилиб, канал устида 2 дона пиёдалар кўприги қурилди. “SABINA BIZNES QURILISH” МЧЖ томонидан маҳалланинг кириш қисмига 2 дона арка ва каналнинг қирғоқларига 1,1 км панжара ўрнатилди. Ҳудудда 50 та хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари барпо этилади. Натижада 150 та янги иш ўринлари яратилади.
ЯНГИ САВДО МАРКАЗИ
Ғалаба маҳалласининг “Ватанпарвар” кўчаси бўйидаги зовур ўрнида лойиҳа қиймати 1 млрд 500 млн сўмлик савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. “SANGZOR BULOQ” МЧЖ қурувчилари томонидан зовурни тўлдириш ишлари якунланиб, ҳудуд сатҳини текислаш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги иншоотда 21 та хизмат ва сервис кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиши натижасида 150 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади.
Зоир ЭРГАШЕВ.