Яқинда шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдимки, улар мени бир савол устида ўйлантирди: фарзандларимиз биздан нимани ўрганмоқда?
Шаҳримиздаги замонавий аёллар кийимлари дўконларидан бирида икки аёл ўртасидаги тортишувига гувоҳ бўлиб қолдим. Кенг ва барча шароитларга эга дўконда кийиниш хоналари ҳам етарли эди. Аммо шундай бўлса-да, икки аёл бир хонага талашиб, баҳсга киришиб кетди.
Ёши улуғроқ онахон қизининг кийимлари қолдирилган хонага бошқа аёл кириб олганидан норози эди. Иккинчи томон эса ўзини ҳақ деб билар, қарши томоннинг изоҳларини қабул қилиш ўрнига овозини баландлатиб, гап билан енгишга уринарди.
– Сизга бу хона банд, қизим кийимларини илиб ўзи кофта қидириб кетди, деб турибман ҳам қулоқ солмай эгаллаб олдиз, – дейди ёши олтмишлардан ошиб қолган онахон.
– Ҳа, опа, кимлардир кийиб кўриб шу ерга кийимни ташлаб кетади-ку, шундайми деб ўйлабман-да. Нима, қизингиз тўрт соат кийинса, шунча вақт хона банд бўлиши керакми? – дея гап билан енггиси келди қирқ, эллик ёшлардаги аёлнинг.
– Бўш хона кўп бўлса, бировнинг нарсалари турган ерга кириб олишингиз нотўғри-ку, – дея тортишувга қўшилди онахоннинг қизи.
– Йўқ экан-да хона, сиз банд қилиб ўтирсангиз кечгача кутиб ўтирмаймиз-ку, – деди аёл қошларини чимирганча.
Шу тариқа баҳс давом этди. Овозлар кўтарилган. Сал ўтиб онахон кийимларини олиб, бошқа бўш хонага ўтиб кетди. Қарши томондаги аёл эса таслим бўлмаганидан, “енгганидан” мамнун эди. Энг ачинарлиси, бу манзарага унинг ўн саккиз ёшлар чамасидаги қизи ҳам гувоҳ бўлиб турар, онасининг тортишувидан хижолат чекиб, кўзларини олиб қочарди.
Бошқа бир ҳолатга эса шифохонада дуч келдим. Кечки пайт бўлишига қарамай, беморлар оқими тинмаган, муолажа хонасидаги каравотлар болалар билан тўлган эди. Шу ерда бир бемор боланинг онаси ҳамшира билан баҳслашиб кетди. Боласига осма укол қўйилган, муолажа тугагач эса жой танқислиги туфайли унинг каравотига бошқа бемор ётқизилган. Она бундан норози, ҳамшира эса вазиятни изоҳлашга уринаётган эди.
Аслида ҳар икки томоннинг ҳам ўзига яраша ҳақли жиҳатлари бор эди. Аммо муроса ўрнига овозлар баландлашди, асаблар таранглашди. Энг ёмони, бу тортишувлар бетоб болаларнинг кўз ўнгида содир бўлаётган эди.
Мени ўйлантирган жиҳат кимнинг ҳақ ёки ноҳақлиги эмас. Асосий савол бошқача: фарзандларимиз катталардан қандай намуна олмоқда?
Чунки тарбия фақат насиҳат билан эмас, аввало, шахсий намуна орқали берилади. Кўчада, дўконда, шифохонада ёки бошқа жамоат жойларида муомала маданиятига амал қилмайдиган, атрофдагиларни ҳурмат қилишни унутадиган ота-оналар фарзандларига қандай фазилатларни сингдира олади? Айниқса, оналар!
Шу ўринда бир зиёли инсоннинг қуйидаги фикри ёдимга тушди: “Маънавиятли аёл кераксиз гаплардан тийилади, режали ва тадбирли иш тутади, энг муҳими, у нафақат ўзини, балки оиласини ва атрофидагиларни ҳам тартиб-интизом ва маданият муҳитида яшашга ўргатади”.
Бу гап аёлнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини жуда аниқ ифода этади. Аёл нафақат хонадон бекаси, балки келажак авлод тарбиячиси, миллат маънавиятини шакллантирувчи энг муҳим таянчлардан бири. Бежизга халқимиз “қуш уясида кўрганини қилади”, демайди. Келажак авлоднинг одоби, дунёқараши ва маданияти аввало она тарбиясида шаклланади. Шу боис аёлнинг маърифати, муомала маданияти ва маънавий масъулияти фақат унинг шахсий фазилати эмас, балки жамият келажагига дахлдор масаладир.
Шаҳноза МАНСУРОВА.