ЖИЗЗАХЛИК ТИББИЁТЧИЛАР ҚИРҒИЗИСТОНДА ЗАФАР ҚУЧДИЛАР

Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида анъанавий “Осиё марвариди” халқаро спорт фестивали бўлиб ўтди. Мазкур фестивалда 10 дан ортиқ спорт тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Унда ҳар йили ўзбекистонлик вакилларимиз ҳам фаол иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бу йил ҳам шундай бўлди.

Мусобақанинг Ўзбек жанг санъати “Ассалом, тонг: соғломлаштириш нафас гимнастикаси” йўналишида қатнашган Жиззах шаҳридаги 4-оилавий ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникалар жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллашди.

–Еттита давлатдан юздан ортиқ жамоалар ўртасида ўтказилган мусобақаларда биринчи ўринни қўлга киритиш биз учун катта ютуқ бўлди,– деди “Бунёдкор” МФЙ патронаж ҳамшираси, жамоа аъзоси Назокат Тоймуратова. –Икки кун давомида ташкил этилган турнирда бошқа давлатлардан ҳам дўстлар орттирдик, ҳамкасбларимиз фаолияти билан танишдик. Мусобақада нафақат тиббиётчилар, балки турли касб эгалари иштирок этгани бизни янада руҳлантирди. Сабаби, Қирғизистондаги мусобақага йўлланма олиш учун аввал шаҳримиздаги поликликалар ўртасида, кейинчалик Гулистон шаҳрида вилоятлар ўртасида ўтказилган турнирда ғолибликни қўлга киритган эдик. Энг муҳими яқин қўшни ва қардош давлатдан бир олам таассуротлар билан қайтдик. Шу ўринда бизни қўллаб-қувватлаган барча ташкилотчиларга ва масъулларга жамоамиз номидан катта миннатдорчилик билдираман.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *