ОЗОДА СОБИРЖОНОВА – ИСЛОМ БИРДАМЛИГИ ЎЙИНЛАРИ ҒОЛИБИ

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида XI Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур комплекс спорт мусобақасида мамлакатимизнинг 180 нафардан ортиқ спортчилари 21 та спорт тури бўйича ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келяпти.

Делегациямиз аъзолари айни дам жами 52 та медаль жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни банд этган. Нуфузли турнирда байроғимизнинг баланд ҳилпирашига жиззахлик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, мусобақанинг таэквонда йўналишида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Озода Собиржонова яқинда терма жамоамиз ҳисобига 16-олтин медални тақдим этди. 70 кг вазнда ҳаракат қилаётган ҳамюртимиз финалда эронлик Ялда Валинажод билан баҳс олиб борди ва 2:1 (9/4, 7/8, 8:7) ҳисобида ғалаба қозонди.

Париж-2024 Олимпиадаси иштирокчиси Озода бу ғалабаси орқали терма жамоамизнинг таэквондо бўйича илк олтин медали соҳибига айланди. Ҳал қилувчи баҳсга қадар у баҳрайнлик Сара Жаллаб (2:0), саудиялик Дуня Саберни (2:0) мағлуб этганди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *